
Бекзод Каримов: "Андижон" - "Насаф" учрашувигача стадион тўлиқ тайёр бўлади"
Охирги пайтларда Республикамиздаги стадионларнинг аксар қисми замон талабларига мос ва хос тарзда чиройли қилиб таъмирланмоқда. Бу эса аввало ПФЛнинг талаби бўлиб, ўз позициясида қатъий турган ҳолда стадионлар ва унинг майдони сифатини ҳар жиҳатдан яхшилаш бўйича талабларни қўймоқда. Натижада бирин-кетин Республикамиздаги стадионлар ва унинг майдонлари гўзал ва шу билан бирга талабга жавоб берадиган кўринишга келтирилмоқда. Бу ўз навбатида футболимиз ривожи учун ҳам хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Андижондаги “Бобур Арена”да ҳам тўлиқ реконструкция ишлари амалга ошириляпти. Майдон чими янгиланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Шу боис “Андижон” футбол клуби вақтинчалик уй учрашувларини Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказиб турди.
Тез орада “Бургутлар” яна ўзининг жонажон аренасига қайтади. Чунки стадионда ишлар жадаллик билан амалга ошириляпти ва бунда шахсан вилоят ҳокимининг ўзи бош-қош бўляпти. “Бобур Арена”да амалга оширилаётган ишлар юзасидан Андижон вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Бекзод Каримов қуйидагиларни айтди:
“Ҳозирги кунда “Бобур Арена” стадионимизнинг чими тўлиқ якунланди, - дея гап бошлади, Каримов. - Вилоятимиз ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шуҳрат Қўшоқбоевич Абдураҳмонов томонидан барча зарур ишлар амалга ошириляпти. ПФЛ талабига мос равишда чим муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Чимлар ётқизилиб, дренаж системасидан тортиб, сув суғориш тизимигача 100 фоиз ҳаммаси янгиланди. Учқун Қувонов бошчилигидаги майдон усталари бутун Республикамиздаги стадионлар майдонларини, жумладан, “Насаф”, “Нефтчи”, “Бунёдкор”, “Сўғдиёна”, ОКМК, “Жар” каби ареналарнинг майдонларини сифат даражасига келтиришган. Ушбу мутахассис вилоятимиз ҳокими олдида ўзларининг тақдимотини қилишди. Яна бошқалар ҳам масалан Россиядан ва яна бошқа жойлардан чим бўйича мутахассислар келишди. Бир неча йил олдин ушбу майдонимиз чимини тўғрилашда кўп нарсада муаммолар бўлганди. Ҳозирги пайтда Республикамиз майдонларини талаб даражасига келтираётган мутахассисларни жалб қилиш эса айни муддао эди. Улар майдон сифатига жавоб беришади. Бу йил охирагача майдонни ўзлари парваришлаб, назоратга оладилар. Майдонимиз ўйин ўтказиш ҳолатига тайёр.
Куни кеча вилоятимиз ҳокими “Бобур Арена”га ташриф буюриб, барча йўналишлар бўйича, биринчи навбатда ПФЛ талабларига мос келадиган, жаҳон стандартлари асосида реконструкция қилиш бўйича топшириқларни берди. Стадион прожектори масаласида ишлар бошланган. Шартномалар тузилди, прожектор қиладиган мутахассислар билан гаплашилди. 20 июлгача прожектор билан боғлиқ барча ишни якунлайдиган бўлдилар. Вилоятимиз ҳокими томонидан бошланғич тўловлар амалга ошириб берилди.
Кўрган бўлсангиз, стадиондаги ишлар жадаллик билан олиб бориляпти. Июль ойи бошигача барчасини якунлаш муддати қўйилган. Худо хоҳласа, 28 июль куни бўладиган “Андижон” – “Насаф” учрашувига стадион тўлиқ тайёр бўлади. Овоз кучайтиргичдан тортиб, футболчилар ўриндиғигача ҳаммаси шай ҳолатга келтирилади. Бунинг учун вилоятимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирамиз.
Шу билан бирга вилоят ҳокими Кубоги, оммавий футбол, вилоят иккинчи лига мусобақаларини ҳам янада ривожлантириш мақсадида шахсан ўзлари топшириқ берган ҳолда вилоятимиздаги барча 16 туманнинг иккинчи лига жамоалари бор. “Бобур Арена”нинг очилишида “Андижон” – “Насаф” учрашувидан ташқари ушбу мусобақа финалини ҳам ўтказиш режалаштириляпти.
Стадионнинг ички ҳолати ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, қулай ва чиройли кўринишда жиҳозланяпти. Стадиондаги югуриш йўлакчаси ҳам янгиланяпти. Шунингдек, стадион атрофида вилоят футбол ассоциацияси биноси, фан-клуб, “Андижон-SGS” ва албатта “Андижон” футбол клуби ўз офисларига эга бўлмоқдалар.
Яқинда “Ноу Камп” стадионида бўлдик ва яна бошқа ареналарни ҳам кўздан кечирдик. Ҳар бирида албатта ресторан ва кафега мослаштирилган алоҳида хоналари мавжуд. “Бобур Арена”нинг юқори қисми ҳам шундай ҳолатга келитириляпти. Бир сўз билан айтганда, стадионимиз ҳар томонлама замонавий кўриниш ҳосил қилмоқда”, - дея сўзини якунлади, Бекзод Каримов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар