“Барселона”нинг муаммоси тизим эмас, ижрочилар
Чемпионлар лигаси доирасидаги “Брюгге” - “Барселона” (3:3) баҳсига батафсилроқ тўхталамиз. Асосан “Барса”нинг камчиликлари ҳақида:
1. Тўп назоратида “Барселона” уч баравар устун: 24-76;
2. Дарвоза томон зарбаларда икки баравардан ошиқроқ фарқ: 10:23;
3. Аниқ зарбаларда тенглик: 6:6;
4. xG’да тенглик: 2,14 - 2,14;
5. Яққол голли вазиятларда “Брюгге” устун: 5 - 4.
Ўйинни назорат қилишнинг асоси бу - тўп назорати. Бу борада “Барса”га гап йўқ. Жараённи назорат қилиш эса бу рақибга имкон қадар хавфли вазият ва зарба йўллашга имкон бермаслик. Бу борада улар ҳаддан зиёд ёмон. Аслида, Флик жамоаси онгли равишда рақибга хавфли ҳужум ва гол уришга имкон беради. Фақат сал туриб лайнсмен байроғини кўтариши ва жамоа футболчилари ҳамда мухлислари енгил тин олиши керак.

Бироқ ҳимоя вакилларининг биргина хатоси ҳам бундай паллада қимматга тушади. Араухо яккакурашларни энг кўп ютиб берувчи, ҳимоявий ҳаракатлар кўрсаткичи бўйича жамоадаги энг яхши ҳимоячи. Бироқ ҳозирги “Барса” кўпроқ ақл билан ҳимояланади. Мақсад рақибни “ғажиш” эмас. Шунчаки, сафни бузмай, тўғри, бир чизиқни ушлаган ҳолда туриш - асосий миссия.
Бу миссияни Кубарси ва Иниго жуфтлиги қойилмақом уддаларди. Иниго энди жамоада эмас. Фликнинг қайсарлиги тутиб, Кубарсини ҳам “Брюгге”га қарши захирада қолдирди. Суратда эса бельгияликлар киритган илк гол ва “Барселона” ушлашга интилаётган офсайд линияси. Мана шу скриннинг ўзигина Араухо каби ижрочи билан бу услубни уддалаб бўлмаслигини билдиради. Ё услубдан ё Рональддан воз кечиш керак.

Ҳа айтганча, Ямал иккинчи бўлимда “Брюгге”га қарши ҳужумда деярли бир ўзи ўйнади. Қария Левандовски рақиб жарима майдони ичида, Рэшфорд эса чап қанотда, “Ламин нима қилар экан”, дея кузатди, холос. Робертнинг иши пайт пойлаш, буни тушунса бўлади, аммо Рэшфордда қийин вазиятларда чақнайдиган ҳарактер, айтайлик қобилият ҳам йўқ. Аввал айтганимдек, у “Барса”да шунчаки тўлдирувчи ролда бўлиши, барибир ундан кўп нарса кутилмаслиги керак.
“Барса” мухлислари ҳужумда хавф ва тажовуз кўпайиши учун Рафинья қайтишини, ярим ҳимояда баланс ва Ямалдан ташқари яна бир ижодкор майдонда бўлиши учун Педри қайтишини кутиши лозим. Марказий ҳимоя жуфтлиги эса ҳақиқий муаммо.

Эрик Гарсия - Пау Кубарси жуфтлиги билан офсайд линияси ва тўп назоратини таъминлаш мумкин, аммо бу жуфтлик билан яккакурашлар ва иккинчи қаватда ютқазиқлар кўпайиб кетади. Агар Араухо бирининг ўрнида ҳаракат қилса, офсайд линиясида улкан хавф вужудга келади. Табиийки, “Барса”нинг ўзи учун.
Флик ҳамон турли ротациялар билан оптимал ечим қидиряпти. Аслида, унга қийин. Жамоанинг неки ютуғи бўлса, бу айнан Фликка тегишли. У жамоага энди келган пайт Гюндоган “Сити”га қайтиб кетганди. Бу ёзда Иниго тўсатдан кетиб қолди. Фақатгина муаммога бой дарвоза позициясига (Тер Штеген кўп жароҳат олиши, Шенсний эса асосий дарвозабон ролига у қадар муносиб эмаслиги сабабли) яхши ижрочи олиб келинди. Рэшфорд эса шунчаки ротация учун яхши номзод, ўртадан бироз юқори класс. Европанинг исталган бошқа грандлари қанчадан-қанча йирик харидлар амалга оширяпти, эътибор беринг. Флик эса шунчаки боридан фойдаланяпти. Демак, охир-оқибат барибир у танқид қилинмаслиги лозим.
Карим Худайқулов мақоласи



Фикрлар