
“Барса” ўйинчисини бешта жамоа чақиряпти
Ёзги трансфер бозори очилмай туриб, “Барселона” ҳимоячиси Эрик Гарсияни ҳамкорликка чақираётган клублар сони тобора ошиб бормоқда.
Fichajes нашрининг маълум қилишича, 24 ёшли футболчини Ла Лигадан “Жирона”, “Реал Сосьедад” ва “Реал Бетис”, Италиядан “Комо” ҳамда Англиядан “Тоттенхэм” ўз сафига қўшиб олишга тайёрлигини билдирган.
Гарчи Эрик Гарсия “Барселон”да жойи кафолатланган ўйинчилардан ҳисобланмаса-да, бош мураббий Ханс-Дитер Фликнинг унга бўлган ишончи ортиб боряпти. Германиялик мутахассис бу марказий ҳимоячи айни пайтда “Барселона” қўллаётган ўйин услубига мос эканини таъкидламоқда.
Харидор клублар Гарсиянинг амалдаги шартномаси бир йилдан кейин якунланишига эътибор қаратмоқда ва уни имкон қадар тезроқ олиб кетмоқчи.
Каталония клуби эса, Флик талаби билан ҳимоячига янги шартнома тайёрлаяпти. Бу вазиятда кўп нарса Эрик Гарсиянинг қандай қарорга келишига боғлиқ бўлади.
Comments