"Андижон"да яна 0:0. Бу сафаргиси қандай бўлди?
“Бобур арена” иккинчи маротаба Осиё Чемпионлар лигаси 2 ўйинига мезбонлик қилди. “В” гуруҳидан жой олган “Андижон” кетма-кет иккинчи бор ўз майдонида ўйнади ва бу сафар Баҳрайннинг “Ал-Халдия” клубини қабул қилди.
Ғалаба иштиёқида майдонга тушган майдон эгалари шунга мос равишда ҳужумкор ўйин кўрсатди. Рақиб катта муаммоларга дуч келгани аниқ. “Андижон” учрашув давомида ташаббусга эгалик қилди. Лекин бу сафар ҳам гол уриш насиб қилмади. Бироқ аввалгилардан фарқли ўлароқ, “Андижон” голга жуда ва жуда яқин келди ва аслида бунга муносиб ҳам эди.
“Бургутлар” биринчи бўлимда Усмонали Исмоналиевнинг бош билан йўллаган зарбаси орқали гол уришгандию, аммо қанот ҳакам байроқчасини кўтарди ва ҳисобга олинмади. Максим Шацких футболчиларни учрашувга ҳар томонлама пухта тайёрлагани кўринди. “Ал-Халдия” дарвозабонига иш кўп бўлди ва жамоасини голлардан сақлаб қолди. Бир вазиятда эса "Андижон" дарвозабони Эржан Токотаев ҳам жамоасини голдан қутқариб қолгани ёдимизда.
Иккала бўлимда "Андижон"да яхшигина имкониятлар юзага келди. Бир вазиятда тўп жарима майдони ичида рақиб ўйинчиси қўлига тегди, аммо иорданиялик ҳакам негадир пенальти белгилашни лозим топмади. Футболчилар майдонда борини беришди, курашишди, катта ҳажмдаги меҳнатни бажаришди ва буларнинг барчаси ғалабага қаратилганди. Лекин футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Кетма-кет учинчи учрашувда 0:0 кузатилди, аммо ҳали кейинги босқичга чиқиш учун имконият сақланиб турибди. Қайд этилган ҳисоб эса албатта ўйинга мос эмасди. Майдонда ғалабага муносиб жамоа бу шубҳасиз “Андижон” эди.
“Андижон” - “Ал-Халдия” - 0:0.
22 октябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 6940 томошабин.
Ҳакамлар: Ахмад Якуб Иброҳим, Хамжа Абдулмажид Саадех, Қаис Айман Хамис (барчаси - Иордаия).
Захира ҳаками: Нурзатбек Абдикадиров (Қирғизистон)
Назоратчи: Алаа Абид-Алқадир (Ироқ)
Комиссар: Давлатманд Исломов (Тожикистон)
“Андижон”: Эржан Токотаев, Суннатиллох Ҳамиджонов, Кристиан Новак, Шахзод Азмиддинов, Сардор Азимов, Дамир Темиров (Саидумархон Саиднуруллаев, 74), Муҳаммадкарим Тоиров, Усмонали Исмоналиев (Бекзод Сулаймонов, 90), Бектемир Абдуманнонов, Дониёр Абдуманнопов (Исмоил Акинаде, 74), Отабек Жўрақўзиев (Шохжаҳон Ёрқинбоев, 79).
“Ал-Халдия”: Саид Дхия, Ахмед Бугхаммар, Клайде Оконнел (Хазза Али, 46), Глейсон Уилсон, Комаил Аласвад, Саиф-Еддине Бухра (Мухаммад Адил, 62), Доминик Менди, Аюб Эл Амлуд (Захуй Улруч Фабиен, 88, Айман Даирани, Рикардо Мауел, Жоел Бея Тумутека (Муҳаммад Саад Алрумайхи, 71).
Огоҳлантиришлар: Эржан Токотаев, 81. Суннатиллоҳ Ҳамиджонов, 81.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Дониёр Абдуманнопов.



Фикрлар