
"Андижон" Тожикистонда "Хўжанд" билан ўйнади
Максим Шацких бошчилик қилаётган "Андижон" ФИФА кунларидан фойдаланиб, Тожикистондаги йиғинида “Хўжанд”га қарши белгиланган ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Бу бўлажак расмий ўйин олдидан мураббийлар штаби барча футболчиларнинг функционал ҳолатини ва тактик услубларга мослашиш жараёнида қўлланилаётган схемаларни ўйин орқали кўриб олишлари айни муддао эди. Бунинг устига мазкур йиғинда ёшлар жамоасидан бир қатор ёшлар ҳам жалб қилинган бўлиб, уларни ҳам синовдан ўтказиш тақозо этиларди.
Шу сабабли “Хўжанд”га қарши баҳснинг дастлабки дақиқаларидан "Андижон" мураббийлар штаби асосан ёшларга имконият тақдим этишди. Учрашув эса 30 дақиқадан 4 тайм давомида ўтказилди.
Дастлаки икки таймдан сўнг асосий таркиб ўйинчилари майдонга тушишди. Ўйин давомида иккита гол бўлди. Аввалига Абдураҳмон Комиловга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг белгиланган пенальтини Дамир Темиров голга айлантирган бўлса, учрашув охирларида рақиб жамоа ҳисобни тенглаштирди.
Албатта, баҳс давомида "Андижон" футболчилари “Хўжанд” дарвозаси олдида бир қатор голли имкониятларни ҳосил қилдилар. Бироқ якунда ҳужумларни гол билан тугатишда омад етишмади.
“Андижон” Суперлиганинг 12-турини 13 июнь куни Самарқандда “Бухоро”га қарши ўтказади.
Фикрлар