"Андижон" футболчиси: "Бўлажак ўйинларнинг аҳамияти қанчалик муҳимлигини сезиб турибмиз"

CHERY AUTO

Хабарингиз бор, “Андижон” жамоаси Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида йиғин ўтказмоқда. ФИФА кунлари бошланганлигидан “Бургутлар” унумли фойдаланиб қолиш учун ҳам мазкур йиғин ташкил этилди.

Tecno

Максим Шацких бошчилигида барча футболчилар машғулотларда астойдил, катта меҳнат остида ишлашмоқда. Клуб матбуот хизмати жамоанинг иқтидорли ўйинчиларидан бири Искандар Шойқуловга мазкур йиғин борасидаги айрим саволлар билан мурожаат қилди.

- Искандар, “Андижон” чемпионатдаги кичик танаффусдан фойдаланиб, Тожикистонда йиғин бошлади. Айтинг-чи, таассуротлар қандай ва бунинг чемпионат мобайнида қай томонлама эффекти сезилади, деб ўйлайсиз?

- Таассуротлар ҳар доимгидек аъло даражада. Янги мураббий иш бошлаган кунидан якка курашларга катта эътибор қаратмоқда. Бу борада жисмоний тайёргарлик кўриш учун Тожикистондаги шароитлар ҳам жуда яхши. Натижаси яқин кунларда сезилади, деб ўйлайман.

- Жамоамиз эндиликда Максим Шацких бошчилигида ўйнамоқда ва сиз илк бор ушбу мутахассис қўл остида тўп суряпсиз. Қандай ўзгаришларни сезяпсиз?

- Ҳа, биринчи марта биргаликда ишлаяпман. Ҳамма мураббийларни ўз ўйин суръати бор. Бу борада мураббийимизнинг услубларидан бири якка кураш ҳамда тезкор ҳужумга ўтиш. Ҳозирда ҳамма эътибор ушбу жиҳатларга қаратилган. Ўйлайманки, мураббийнинг бизга қўйган талабларини бекаму кўст бажаришга ҳаракат қиляпмиз ва бунинг самарасини ўйинлар давомида кўрамиз.

- Биринчи давра якунигача 4 та тур қолди ва бўлажак учрашувлар жамоамиз учун жуда муҳим. Бу ҳақида сиз нима деган бўлардингиз?

- Жуда кўп очко йўқотдик. Керак бўлмаган голларни ўтказдик. Энди бу йўқотилган очколар ўрнини қолган турларда тўлдиришга бор эътиборимизни қаратамиз. Барчамиз бўлажак учрашувларнинг аҳамияти қанчалик муҳимлигини сезиб турибмиз. Умид қиламанки, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади.

- Олдинда жамоамизни ОЧЛ баҳслари кутяпти. Мухлислар ҳам бўлажак муҳим мусобақани интиқлик билан кутмоқдалар. Жамоамизни ОЧЛда қандай тасаввур қиляпсиз?

- Барчамиз интиқлик билан кутяпмиз. Янги таассуротлар, янги даражадаги футболчилар, жуда қизиқ бўлади, ўзим учун ҳам, жамоамиз учун ҳам. Мухлислар кутган ўйинни кўрсатишга ҳаракат қиламиз ва ижобий натижалар билан хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

- Яқинда соч турмагингизни ўзгартирдингиз. Бунгача сиз ўзига хос соч турмаги билан ажралиб тургандингиз...

- Кунлар исиб кетди. Иссиқда эса бу сочни эплаш жуда қийин (кулади).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!