
"Ал-Аҳли"да андижонлик футболчи ўйнаганини биласизми ёхуд жаҳон чемпиони билан Андижонга ташриф буюрган жамоа ҳақида
Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг “В” гуруҳи 2-тур доирасида Андижондаги “Бобур арена” стадионида катта футбол байрами бўлиб ўтади.
1 октябрь санасида “Андижон” клуби Қатарнинг “Ал-Ахли” клубини қабул қилади.
Илк турда “Ал-Ахли” Баҳрайннинг “Ал-Халдия” жамоасига қарши беллашди ва учрашувда ҳисоб очилмади - 0:0.
“Ал-Аҳли” клуби 1950 йилда ташкил этилган. Бу жамоа 5 маротаба Қатарда Кубокларни боши узра кўтарган. Жамоани хорватиялик 47 ёшли мутахассис Игор Бишчан бошқариб бормоқда. У илгари Хорватия U21 терма жамоаси, Загребнинг “Динамо” клубига ҳам устозлик қилган.
“Ал-Аҳли” сафида юлдуз легионерлар бор. Жумладан 2014 йилги мундиалда Германия терма жамоаси таркибида ўйнаб, жаҳон чемпионига айланган Юлиан Дракслер 2023 йилнинг сентябрь ойидан буён ”Ал-Ахли” сафида тўп суриб келмоқда. Шунингдек, ушбу жамоада Иброҳим Диалло, Мичел Влап, Эрик Эспозито сингари Европа чемпионатларида тўп сурган тажрибали легионерлари ҳам бор.
“Ал-Аҳли” уй ўйинларини “Ҳамад Бин Халифа” стадионида ўтказади ва ўз бағрига 20 минг томошабинни сиғдиради.
Қатар Юлдузлар лигасида 12 та иштирокчи бўлиб, “Ал-Аҳли” айни пайтда 6 та турдан сўнг 2 ғалаба ва 4 мағлубият қайд этиб, тўплар нисбати 7:13 ни ташкил қилган ҳолда 6 очко билан 9-поғонани банд этиб турибди.
Яна бир гап: “Ал-Ахли” клубида андижонлик футболчи тўп сурганини биласизми? 2011\2012 йилги мавсумларда Андижон футболи тарбияланувчиси ҳисобланган Шавкат Муллажонов айнан Қатарнинг “Ал-Ахли” клуби шарафини ҳимоя қилган.
“Андижон” - "Ал-Аҳли" ўртасидаги баҳс 1 октябрь куни, "Бобур арена"да соат 18:45 да бошланади.
Фикрлар