
Акмал Мозговойнинг янги клуби "Банияс" ҳақида!
Бироз аввал Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Акмал Мозговой БААнинг "Банияс" клубига кўчиб ўтгани расман эълон қилинди. Ушбу клуб ҳақида қисқача танишинг.
Умумий тафсилотлар
"Банияс" ҳали эскирмаган жамоа ҳисобланади. Клуб 1982 йилда ташкил этилган. Улар ўзининг уй учрашувларини 10 минг кишига мўлжалланган мўжазгина "Банияс" стадионида ўтказадилар. Абу Даби Амирлиги клуби тарихида 1 маротаба БАА кубоги соҳиби бўлган эрса, (1991/1992) охирги 10 йилдаги энг катта ютуғи Форс кўрфази кубоги ҳисобланади (2012/2013). Клубга Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири Шайх Сайф Заид Ал Наҳён раҳбарлик қилади. Шундай экан бу ҳолат клубда молиявий томондан муаммолар юзага келмаслигини англатади.
Ўтган мавсумдаги натижалар қандай бўлди?
Жамоа ўтган мавсум БАА Про лигасида 26 баҳсда 27 очко тўплашга эришди, холос. Бу натижа 12-ўринга жойлашган "Банияс"га базўр лигада қолиш имконини тақдим этди. Жамоада ҳозиргача 5 та легионер мавжуд эди. Булар: бразилиялик Жоан Виктор, ганалик Умар Али, Конго Демократик Республикасидан Тшибангу, Малидан Юсуф Ниакате ва сенегаллик форвард Бернард Фей. Мана шу легионерлар ҳам олдинги мавсумда жамоасига катта нафи тегмади. Балким, шунинг учундир БАА клуби Ўзбекистон бозорига назар солди.
Кутилма
Албатта, ўз легионеримиздан кутилмаларимиз катта. Абу Даби Амирлиги клубини юқори чўққиларга етаклаган ҳолда тезроқ Европага учирма бўлишини тилаб қоламиз. Бошланажак мавсумда болгариялик Ивайло Петев бошчилигидаги "Банияс"имиздан ҳам юқори ўринларга курашишини умид қиламиз.
Яҳёхон Ғаниев
Фикрлар