
АГМК Грузия ва черногориялик футболчилар билан шартнома имзолашга яқин
Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК Қибрайдаги стадионда Суперлиганинг иккинчи даврасига қизғин тараддуд олиб бормоқда. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
АГМК жамоасига мавсум аввалида келган болқонлик ярим ҳимоячи Миролюб Костич ва Марко Зочевич билан клуб дўстона хайрлашди. Айни пайтда эса АГМК машғулотларида Суперлиганинг биринчи даврасини "Қизилқум"да ўтказган таянч ярим ҳимоячиси Эркин Байдуллаев, грузиялик қанот вингери Элгужа Григалашвили ва ўтган икки мавсум давомида олмалиқликлар шарафини ҳимоя қилган ҳамда ортга қайтарилган Владислав Касминин иштирок этишмоқда. Тез орада АГМК мазкур футболчилар билан расман шартнома имзолайди.
Шунингдек, йиғинда черногориялик ҳимоячи Игорь Зонич кўрикдан ўтмоқда. Агарда ушбу футболчининг ҳаракатлари мураббийлар штабига маъқул келса, унда Зоничга шартнома таклиф этилади.
Қайд этиш керакки, куни кеча жамоа футболчилари ЎФА Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик бўлими томонидан ўтказилган 30 метрга югуриш, узунликга сакраш, 7х50 метрга югуриш сингари норматив тестларни топширди.
Суперлиганинг иккинчи даврасига тайёргарлик доирасида АГМК 18 июль куни Тошкентдаги "Жар" ўйингоҳида "Бухоро" билан назорат учрашувини ўтказади. Мазкур баҳс соат 20:00да старт олади.
Фикрлар