
“Навбаҳор” мухлислари бухороликлардан ортда қолди, “Обод” чемпионат антирекордини янгилади
Хабарингиз бор, 29 сентябрь – 1 октябрь кунлари олий лига 23-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Уч кун давом этган баҳсларнинг батафсил натижалари билан сайтимиз орқали танишиб олгансиз.
Энди эса SPORTS.uz сайти ҳар доимгидек эътиборингизга ушбу тур беллашувларига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан таништириб ўтади.
23-тур учрашувларида стадионларимизга жами 34219 томошабин ташриф буюрди. Бу ўртача бир ўйинга 4277,375 мухлис келди дегани. Энг кўп ишқибоз бўйича кўрсатгич Бухородаги "Бухоро" – "Металлург" баҳсига тўғри келди - 10050. Бу турнинг энг кўп томошабин ташриф буюрган беллашуви бўлди. 23-турнинг марказий “Навбаҳор” – “Пахтакор” беллашувини 9206 мухлис шоҳиди бўлди.
Энг кам мухлис борасидаги статистика доимгидек “Обод” клубига тегишли. “Обод” – “Локомотив” беллашувини 117 ишқибоз стадиондан кузатди.
Шуни қайд этиб ўтиш керакки, чемпионатнинг антирекорди айнан 174 томошабин ҳисобланади. У ҳам бўлса “Обод”га тегишли. Бу гал Андрей Демченко шогирдлари ўз антирекордларини яна ҳам янгилашди.
Қуйида ушбу тур томошабинлар энг кўп кузатган ўйинлар кетма-кетлиги билан танишишингиз мумкин:
«Бухоро» (Бухоро) – «Металлург» (Бекобод) – 2:2. 10050 томошабин.
«Навбаҳор» (Наманган) – «Пахтакор» (Тошкент) – 2:0. 9206 томошабин.
«Қўқон-1912» (Қўқон) - «Шўртан» (Ғузор) – 4:1. 5136 томошабин.
«Насаф» (Қарши) – «Қизилқум» (Навоий) – 2:0. 4638 томошабин.
«Олмалиқ» (Олмалиқ) – «Нефтчи» (Фарғона) – 1:2. 3820 томошабин.
«Сўғдиёна» (Жиззах) – «Динамо» (Самарқанд) – 0:0. 980 томошабин.
«Бунёдкор» (Тошкент) – «Машъал» (Муборак) – 4:0. 372 томошабин.
«Обод» (Тошкент) – «Локомотив» (Тошкент) – 1:3. 117 томошабин.
Фикрлар