
“Навбаҳор” – “Металлург” учрашувида устунлик мезбонлар томонида
Эртага “Навбаҳор” олий лига 21-тур доирасида Бекободнинг “Металлург” жамоасини қабул қилади. Бугун “лочинлар” аъзолари учрашувдан олдинги сўнгги расмий машғулотни ўтказишга улгуришди. Ўйин олдидан мезбонлар таркибида йўқотиш йўқ. Бекободликлар футболчиси Дониёр Одилов сариқ карточкалари сони тўрттага етганлиги сабабли 21-турни ўтказиб юборади. Бу ҳақда “Навбаҳор” матбуот хизмати хабар бермоқда.
Рақиблар Ўзбекистон чемпионатларининг олий лигасида ўзаро 39 марта куч синашишган. 18 учрашувда “Навбаҳор” ғалабани тантана қилган. “Металлург”нинг ғалабалари сони эса 11 тани ташкил этмоқда. Ўнта учрашувда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 58-48, “Навбаҳор” фойдасига. Ушбу жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршиликларидаги энг йирик ҳисоб 2003 йили қайд этилган. Ўшанда “Навбаҳор” “Металлург”дан 7:0 ҳисобида устун келган. Яна учта учрашувда “Навбаҳор” 3:0 натижа билан зафар қучган. “Металлург” ҳам икки бор наманганликларни йирик ҳисобда мағлуб этган. 2000 йили Бекободда иккинчи таркиб билан майдонга тушган “лочинлар” рақибга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. 2016 мавсум якунида Бекободдаги “Металлург” ўйингоҳидаги учрашувда эса мезбонлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Жорий йилги чемпионат биринчи даврасида Бекободда ўтган ўйинда ҳисоб очилмаганди.
Фикрлар