
"Рио-2016" vs "Токио-2020": Ўзбекистон жаҳонда 11 поғона, Осиёда 1 поғона пастлади
- 8-август 2021, 14:31
- Baxtiyorjon Toshtemirov
- 10
- Олимпизм
23 июль куни старт олган "Токио-2020 ёзги" Олимпия ўйинлари бугун ўз ниҳоясига етди. Сайёрамизнинг энг нуфузли спорт тадбирида кўпчиликни медаллар жамғариш бўйича қайд этилган натижалар қизиқтириши табиий.
Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари ушбу Олимпиадада 3 та олтин ва 2 та бронза, жами 5 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллади.
Осиё қитъасида оладиган бўлсак, Хитой (2), Япония (3), Жанубий Корея (16) ва Эрондан (27) сўнг бешинчи натижани қайд этдик.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар орасида Ўзбекистон Россиядан (5) сўнг иккинчи натижани қайд этди. Марказий Осиё давлатлари орасида эса делегациямизга тенг келадигани топилмади.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси "Рио-2016" ёзги Олимпия ўйинларида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза, жами 13 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 21-ўринни эгаллаган эди. Ушбу натижа Осиё қитъасида Ўзбекистонни 4-ўринга олиб чиққан бўлса, МДҲда Россиядан сўнг 2-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллашига хизмат қилган эди.