"Қўқон-1912" — "Насаф" учрашувини бошқарган ҳакамлар қанча муддатга четлатилди?
- Бугун, 00:10
- Muhammadqodir Ruzmatov
- 0
- Футбол
Ҳакамлар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.Йиғилиш давомида ҳакамликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Суперлига ва Пролига учрашувларида ҳакамлар фаолияти билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масалада Ҳакамлар академияси фаолиятини янада такомиллаштириш, назарий ва амалий машғулотларни сифатли ташкил этиш, ёш ҳакамлар учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг малакасини ошириш ва хорижий тилларни ўрганишига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги иккинчи масалада эса Суперлига ўйинларида айрим ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатолар таҳлил қилинди.
Жумладан, 5-тур доирасидаги "Сурхон" — "Бухоро" учрашувида бош ҳакам Фирдавс Норсафаров томонидан қоидалар бир хил мезонда қўлланмагани, 6-турдаги "Андижон" — "Навбаҳор" баҳсида бош ҳакам Найим Қосимов томонидан мезбонлар бош мураббийига нисбатан етарлича қатъий чора кўрилмагани қайд этилди.
Шунингдек, 6-турдаги "Қўқон-1912" — "Насаф" учрашувида бош ҳакам Рустам Лутфуллин ҳамда VAR ҳаками Иброҳим Исмоилов томонидан қўпол хатоларга йўл қўйилгани таъкидланди.
Ҳакамлар қўмитаси қарорига кўра, Найим Қосимов ва Фирдавс Норсафаров огоҳлантирилди."Қўқон-1912" — "Насаф" баҳсини бошқарган бош ҳакам Рустам Лутфуллин ва VAR ҳаками Иброҳим Исмоилов эса йўл қўйган хатолари учун Суперлига, Пролига ҳамда Ўзбекистон кубоги ўйинларидан биринчи давра якунига қадар четлатилди. Шунингдек, ҳар икки ҳакам Биринчи лигага туширилди.
Бу ҳақда ЎзФҲМ матбуот хизмати хабар берди.