
Ҳамиджон Актамов: "Ютқазсанг сотди, ютсанг сотиб олди дейишади" (Интервью)
- 26-октябр 2022, 09:30
- Yahyoxo’ja Ulug’xo’jayev
- 1
- Футбол
"Сурхон" - "Қизилқум" баҳсидан сўнг, кўплаб баҳсли вазиятлар пайдо бўлишни бошлади. Уларнинг барчаси айланиб-ўргилиб "Сурхон"да иш бошлаган Ҳамиджон Актамовга бориб тақалгани рост. Биз, вазиятни ойдинлаштириш мақсадида "учар тулпорлар" менежери билан алоқага чиқдик.
Негадир "Сурхон"нинг "Қизилқум" устидан қозоган ғалабасини футбол олами вакиллари қандай қабул қилганидан хабарингиз бор. Айтингчи, бундай енгил қозонилган ғалабанинг сири нимада?
- Аслида, рақиб ва бизни ўйинимизни солиштириш керак. Бизнинг футболчилар ҳозир ажойиб формада ва ўйин сифати ошган. Рақиб, сўнгги турларда қандай ўйин кўрсатаётганини кўриб турибсизлар. Агар статистикага қарайдиган бўлсак, ўйинда барча аспектларда рақибдан яхшироқ тўп тепдик. Билмадим-ку, лекин бизда ҳеч нарса табиий қабул қилинмайди. Ютсанг сотиб олди, ютқазсанг ўйини бериб юборди дейишади. Хўш, биз "Қўқон 1912", "Локо" ва "Суғдиёна"ни енгдик. Демак, бу жамоалар ҳам ўйинни бизга сотган бўлиб чиқяптими? Мана шу ўйинларда урган голларимизга эътибор қилинг, ортиқча ўзимни оқламоқчи эмасман.
Сиз келганингиздан сўнг, жамоа натижалари яхшиланди. Бунга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда, биз клуб ва футболчилар ўртасидаги барча қарзларни беркитдик. Аҳилликни тикладик. Футболчилар ўз вақтида маошини олмоқда. Асосийси, ишимизда барака бор. Тарихда натижа қолади. Бизга ҳозир энг муҳими шу. Бошқасига эътибор бермайман.
Режаларингиз қандай? "Сурхон" билан ҳамкорликни давом эттирмоқчимисиз?
- Тўғриси, бу ҳақда ўйламадим. Асосий вазифамиз лигада қолиш ва буни уддалашга яқинмиз. Мен футболни яхши кўраман ва у билан бирга яшайман. Бу хаётим мазмуни. Аслида, менда бошқа жамоалардан ҳам 4-5 таклиф бор эди. Менга раҳбариятнинг футболга бўлган муносабати ёқди. Улар яхши савиядаги жамоа шакллантириш илинжида меҳнат қилмоқда.
Агар жамоа қоладиган бўлсангиз , келаси мавсумда жамоани таркибини кучайтириш ҳақида ўйлаяпсизми?
- Режаларимиз ўзгармаса, таркибни кучайтиришни ўйлаб қўйганмиз. Яхши савиядаги легионерлар ва тажрибали футболчилар ёрдамида янги марраларни забт этишни истаймиз.