Европада яна Ҳусановга эътибор қаратишди
- Бугун, 07:00
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Абдуқодир Ҳусанов клуб миқёсида ҳам, терма жамоада ҳам ишончли ўйин намойиш этиб, жамоавий совринларни қўлга киритиш баробарида индивидуал ютуқларини ҳам нишонламоқда.
Хусусан, Абдуқодир “Манчестер Сити” сафида Англия лигаси кубогида зафар қучди. Ўз ўйинлари орқали “шаҳарликлар”нинг январь ва март ойларидаги энг яхши ўйинчиси, деб топилди ва индивидуал совринларга эга бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан 22 ёшли ҳимоячи FIFA Series 2026 мусобақаси ғолиби бўлди. Бундан ташқари, Ҳусанов янги халқаро турнирнинг энг яхши ўйинчиси соврини билан ҳам тақдирланди.
“Манчестер Сити” раҳбарияти ўзбек футболчисининг ўсиши ва муваффақиятларини инобатга олиб, унга шартлари яхшиланган янги шартнома тақдим этиши ҳақида маълумотлар тарқатиляпти.
Европанинг нуфузли манбалар ва экспертлари ёзда бўладиган жаҳон чемпионатида ҳам порлаши кутилаётган Абдуқодир Ҳусанов бўйича муносабат билдирмоқда.
Хусусан, яқинда The Athletic нашри Ҳусановни “дунёнинг энг кам баҳоланган футболчилари”дан бири деб атади. Бу рўйхатга Федерико Вальверде, Бернарду Силва, Жоао Невеш, Харри Кейн, Майкл Олисе, Виктор Осимхен ҳам киритилган ва улар ўз ўйинларига нисбатан камроқ эътироф олаётгани таъкидланган.
The Athletic нашри Абдуқодир Ҳусанов ҳақида шундай ёзди:
“Ҳусанов табиатан камгап, аммо у майдонда қуруқ гапларсиз ўзини исботлайди. Бу мавсумда у яққол ўсишни намоён қилди. Унинг асосий кучли жиҳатлари — тезлик, ўйинни аъло даражада тушуниш ва тўп учун агрессив кураш.
Ҳусанов табиатан камгап ва у ўзини майдонда муросасиз ўйини орқали намоён қилади.
Бу мавсумда у шунчалик ривожландики, “Манчестер Сити”нинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди”.
“Манчестер Сити”нинг Англия лигаси кубоги, яъни Карабао кубоги финалида “Арсенал” устидан қозонилган ғалабадан сўнг, машҳур журналист Генри Винтер ҳам ўзбек футболчисига қуйидагича муносабат билдирган эди:
Абдуқодир Ҳусановни мақташ лозим. “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси яқинда 22 ёшга тўлди, у ҳали ўз ўйинини такомиллаштирмоқда, ҳали ҳам хатоларини тўғриламоқда, аммо тезлиги, атлетизми ва мақсадга интилиши билан тобора кўпроқ таассурот қолдирмоқда.
Шунингдек, унинг содда, аммо самарали паслари ва кучли курашга бўлган муҳаббати ҳам эътиборга лойиқ. “Уэмбли”да Кай Хаверцдан тўпни тортиб олиш учун орқага югургани шунчаки ҳайратланарли эди.
Ҳусанов финалда яхши ўйнади, Виктор Дьёкерешга қарши ўйинга мослашиб борди. У ҳали ҳам баъзан шошқалоқ подкатлар қилади. У Дьёкерешни тўхтатди, аммо сариқ карточка уни чалғитмади. Кейинги соат давомида у яна дуэлларда ғалаба қозонишга эътибор қаратди.
Унинг характери ҳеч қачон шубҳа остида бўлмаган. 2025 йил январда “Сити”даги дебютида у маҳаллий тилни билмас эди ва атиги икки марта машғулот ўтказган эди. Ўйин бошида икки хато қилди, “Челси”га гол уриш имконини берди ва Коул Палмерга қарши қоидабузарлик учун сариқ карточка олди. Аммо Абдуқодир ўйнашда давом этди ва “Сити”даги карьерасини ҳам ривожлантира бошлади. Клуб уни “Бизнинг ўзбек жангчимиз”, деб атайди.
Скаутлар ажойиб иш қилган. “Сити” уни “Ланс”дан 33,6 миллион фунтга сотиб олди, у атиги 31 та ўйин ўтказган бўлса ҳам. Шунингдек, “Ланс” скаутлари ҳам Ҳусанов Беларусда“Энергетик-БГУ”жамоасида ўйнаганида унга эътибор қаратганини ҳам алоҳида тилга олиш лозим.
Ҳусанов ҳали ҳам айрим жиҳатларда, айниқса ҳаводаги курашларда ўз устида кўпроқ ишлаши керак, аммо у юқори даражали марказий ҳимоячига айланиш учун барча имкониятларга эга. Ва у ҳали атиги 22 ёшда.
Ҳусановнинг “Ланс”даги собиқ жамоадоши Кевин Дансо бир пайтлар шундай деган эди:
“Агар Ҳусанов топ-лигадан келганида, у 100 миллион евро турарди. У бизнинг ҳимоядаги иерархияни ўзгартириб юборди. Уни буюк келажак кутаяпти”.
“Ланс”нинг собиқ мураббийи Уилл Стилл уни “танк” деб атаган, Ўзбекистонда эса Абдуқодирни “Поезд”, дейишади.
Миллионер! Ҳусанов “Сити”да жами қанча маош олади?
Еврокубокда ўйнайдиган клуб ўзбек футболчиси трансферини эълон қилди