Доннарумма: Хафа бўлдим, мен бир чақа ҳам сўрамаганман!
- 10-апрел, 06:56
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
“Манчестер Сити” дарвозабони Жанлуижи Доннарумма унинг сардорлигидаги Италия миддий терма жамоаси футболчилари 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида Босния ва Герцеговинага қарши ўйин олдидан катта молиявий мукофот талаб қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
La Repubblica нашри маълумотига кўра, ҳал қилувчи саралаш ўйини олдидан Италия терма жамоаси футболчилари 300 минг евро миқдорида бонус талаб қилган, бу 28 нафар чақирилган футболчининг ҳар бирига тахминан 10 минг евродан тўғри келади.
Италияликлар саралаш босқичининг ҳал қилувчи ўйинида боснияликларга ютқазишди (1:1, пенальтилар бўйича 1:4).
Шу тариқа, Италия терма жамоаси кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпионатини ўтказиб юбормоқда. Италияликлар сўнгги бор 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтган мундиалда иштирок этган.
- Бу барча италияликлар учун бўлганидек, жуда оғир ва чарчатувчи кунлар бўлди. Биз барчамиз жаҳон чемпионатига чиқишни жуда истардик, аммо афсуски, буни уддалай олмадик ва буни қабул қилишимиз керак. Олдинга ҳаракат қилишимиз зарур, гарчи бу оғриқли бўлса-да, жуда оғриқли.
Мени биз талаб қилган бўлиши мумкин, деб айтилган бонуслар ҳақидаги изоҳлар ва миш-мишлар ранжитди.
Сардор сифатида мен ҳеч қачон Италия терма жамоасидан бир евро ҳам сўрамаганман. Бошқа мусобақаларда бўлгани каби, терма жамоа турнирга йўл олган футболчиларга совғалар беради, холос.
Ҳеч ким федерациядан ҳеч нарса сўрамаган: бизнинг энг катта “совғамиз” жаҳон чемпионатига йўлланма бўлар эди, аммо биз у ерга чиқолмадик. Ташқарига чиққан гаплар мени ранжитди. Яна бир бор таъкидлайман: ҳеч ким ҳеч қандай бонус талаб қилмаган,- деди Доннарумма.