
“Хотин қизлар ҳафталиги”да ёши улуғ онахонлар ҳам бадантарбия машғулотларини бажармоқда
- 10-октябр 2018, 14:57
- Zohir2018
- 0
- Олимпизм
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ҳафталиги”, “Нуронийлар ҳафталиги”, “Ёшлар ҳафталиги” каби шиорлар остида оммавий тадбирлар ўтказиш вазифаси берилган эди.
Ушбу топшириқга мувофиқ жорий йилнинг 8-13 октябрь кунлари жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда "Хотин-қизлар спорт ҳафталиги" деб эълон қилинди. Ҳафталик доирасидаги тадбирлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда.
Ҳафталик мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт бирлашмалари ҳамда маҳаллаларда ташкил этилиб, унда бадантарбия, спортнинг шахмат-шашка, бадиий гимнастика, волейбол, стол тенниси, бадминтон турлари бўйича ўйинлар ўтказилмоқда. Ҳафталикнинг дастлабки кунларида 200 минг нафарга яқин хотин-қизлар иштирок этиб, улар орасида 5 ёшли қизалоқлардан тортиб 70 ёшли онахонлар ҳам бор.
“Соғлом аёл – соғлом жамият” шиори остида ўтказилаётган ҳафталикда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари барча хотин-қизларни спорт тадбирларида фаол қатнашишга чақирмоқда. Вазирлик томонидан соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган буклетлар чоп этилиб, аҳолига тарқатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-7 октябрь кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида “Ёшлар ҳафталиги” ўтказилиб, унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев аҳоли билан бирга бадантарбия машқларини бажарган эди.

