
Ярим аср кутилган чемпионлик!
"Болонья" учун тарихий кубок. Сўнгги 51 йил ичида қўлга киритилган илк соврин бу — "Cоппа Италиа". 2025 йилнинг 15 май куни "Болонья" футбол клуби учун унутилмас санага айланди. Жамоа 51 йил кутган орзуси — Cоппа Италиа кубогини ниҳоят боши узра баланд кўтарди. Бу ғалаба оддий бир соврин эмас — бу йиллар давомида тўхтамаган орзу, фидойилик билан ёниб яшаган юраклар ва энг муҳими, садоқат тимсолидир. 1974 йилдан бери катта совринга зориқиб яшаган минглаб Болонья мухлислари учун бу чемпионлик сабр-тоқат, ишонч ва садоқатнинг ғалабаси бўлди.
Жамоа финалда "Милан"ни 0:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўйинда ягона голни Ндойе 53-дақиқада Милан жамоаси дарвозасига йўллаб, ўйиндаги ягона гол муаллифи жамоанинг қаҳрамонига айланди.
Қизиқарли жиҳати шундаки, финал баҳсидан атиги 6 кун аввал, яъни 9 май куни "Болонья" А Серия доирасида айнан Милан клубидан 3:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Балки ўша мағлубият ғалаба сари босилган энг катта қадам, мураббийлар штаби ва футболчилари учун уйғотувчи сигнал бўлиб хизмат қилган десак, ёлғон бўлмайди.
Клуб 1930 йилларда Италия футболининг гигантларидан бири эди. Жамоа А Серияда 7 марта чемпионликни қўлга киритган, бироқ 1974 йилдаги Cоппа Италиа ғалабасидан сўнг улар узоқ вақт саҳна марказидан чекиниб қолди. Ушбу янги ғалаба эса клубга яна катта совринлар учун курашиш имконини берди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, "Болонья"нинг ушбу ғалабаси оддий бир ютуқ эмас, бу – орзулар рўёби, тарихий қайтиш ва сабрнинг мевасидир. Ярми аср кутилган бу соврин, клубнинг матонатини, фидоий футболчиларни ва ҳар қандай шароитда ҳам содиқ қолган мухлисларни юксак даражада тақдирлади. Бир неча кун олдин Миландан енгилган жамоанинг финалда айнан шу рақиб устидан зафар қучиши эса, футболнинг кутилмаган гўзаллигини яққол намоён этди. Бу ғалаба болоняликлар учун эмас, балки бутун футбол ихлосмандлари учун сабоқ – ҳеч қачон умидни йўқотмаслик керак.
Мафтуна Шокирова
Фикрлар