Шомуродовни Чемпионлар лигасида кўрамизми?

CHERY AUTO

Италия чемпионатига якунланишига иккита тур қолди. Чемпионлик учун Скудеттонинг амалдаги ғолиби “Интер” ва миланликларни бир очкога ортда қолдираётган “Наполи” даъвогар.

“Аталанта” ўтган турди “Рома”ни мағлубиятга учратганидан кейин учинчи ўрин ва Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини нақд қилди.

Энди қитъанинг энг нуфузли турнирига йўл очадиган сўнгги йўлланма учун – уч клуб даъвогар. Булар – бир хил, яъни 64 тадан очко жамғарган “Ювентус” ва “Лацио” ҳамда улардан бир балл кам жамғарган “Рома”.

“Рома” юқори мақсадлар учун курашадиган кучли жамоалар қаторига қўшган Клаудио Раньери ўтган турдаги аламли мағлубиятга қарамай, шогирдларининг Чемпионлар лигасига чиқишига ишончи борлигини ва бу вазифани уддалаш имкони борлигини таъкидламоқда.

 -  Биз ўтган турда Бергамода “Аталанта”га ютқазиб қўйдик ва чемпионат жадвалида “топ-4”га кириш имкониятини қўлдан бой бердик.

Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳозирги “Аталанта” тўққиз йил жавомида барпо этиб келинмоқда. Биз эса, ўз лойиҳамизни яқиндагина бошладик ва эндигина унга пойдевор яратяпмиз.

Энди охирги икки турда биз ўйиндаги хатоларимизни минимал даражага тушириб, Европа Чемпионлар лигасига чиқиш вазифасини уддалашга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки биз ҳам Чемпионлар лигасида ўйнашни истаймиз, - деди Клаудио Раньери.

Экспертларнинг таъкидлашича, Клаудио Раньери мавсумнинг биринчи қисми охирлари – ноябрь ойида “бўрилар”ни қабул қилиб олганида жамоанинг нуфузли халқаро турнир йўлланмаси учун курашиши ушалмас орзудек кўринган эди.

Аввалги бош мураббийлар – Даниэле де Росси ва Иван Юрич қўл остида жамоа А Серияда муваффақиятсиз иштирок этиб, мусобақа жадвалининг қуйи қисмига тушиб қолган эди.

Қадрдон жамоаси учун мураббийлик фаолиятини қайта тиклаган Клаудио Раньери жамоани қабул қилиб олганидан кейин “Рома”нинг натижаларида ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. 73 ёшли мутахассис катта трансферларсиз, таркибдаги ўйинчиларнинг ўзи билан ҳам натижа қилиш мумкинлигини исботлаб қўйди.

Айниқса, унинг қўл остида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг ўйини очилиб кетгани кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини тортди. Шу мавсумнинг ўзида икки бор клубдан кетишга жуда яқин келган 29 ёшли форвард мавсумнинг ҳал қилувчи палласида “Рома”нинг асосий фигурасига айланди.

Рим клубининг Чемпионлар лигаси йўлланмасига даъвогар бўлиб туришида ўзбек легионерининг ҳиссаси катта. Сўнгги турларда айнан Элдорнинг голлари ва ассистлари жамоага қимматли очколарни тақдим этди.

Энди “Рома” чемпионатнинг охирги икки турида яна жуда мураккаб ўйинларни ўтказади. Раньери шогирдлари 18 май куни ўз майдонида “Милан”ни қабул қилади. Саккизинчи ўринда бораётган бу рақиб ҳам ҳали Еврокубокларга йўлланма олиш имкониятини сақлаб турибди ва сўнгги турларда фақат ғалаба учун ўйнайди.     

Шомуродов жамоаси чемпионатни 25 май куни Туринда – “Торино”га қарши учрашув билан якунлайди ва шундан кейин Клаудио Раньери бош мураббийлик вазифасини топширади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!