
Шомуродовга машҳур юлдуз устозлик қилиши кутиляпти!
Клаудио Раньери “Рома”ни қабул қилиб олганида “бўрилар” А Серия мусобақа жадвалининг иккинчи қисмида юрган эди. Қисқа фурсатда тажрибали мутахассис “Рома”ни енгилмас жамоага айлантирди.
Пойтахт “бўрилари” сафар учрашувида амалдаги чемпион “Интер”ни мағлуб этганидан кейин уларнинг мағлубиятсиз серияси 18 та учрашувга етди.
Сан-Сиродаги беллашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ягона голга ассистни амалга оширди. Умуман олганда, Клаудио Раньери “Рома”да Матиас Суле ва Элдор Шомуродов тандемини ташқил қилди. Кейинги бир неча учрашувларда мана шу жуфтлик ўзиро ассистлари ва голлари билан “Рома”га натижа келтирмоқда.
Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги фаолияти кескин яхшиланиши ва легионеримиз жамоада асосий фигуралардан бирига айланишида Клаудио Раньерининг ҳиссаси ва хизмати жуда катта. Аммо ўтган йили “Кальяри” жамоасида бошланган Раньери ва Шомуродов ҳамкорлиги тез орада тўхтайди. Бунга 73 ёшли мутахассиснинг мавсум охирида мураббийлик фаолиятини якунланиши сабаб бўлади.
Айни пайтда Рим клуби хўжайинлари Клаудио Раньери бошлаган ишни муваффақиятли давом эттириб кета оладиган мураббий топиш билан овора. Раньери билан маслаҳатлашган ҳолда бир неча номзодлардан иборат рўйхат шакллантирилди.
Бир неча манбалар, хусусан, Sky Sport Italia нашрининг маълум қилишича, “Рома” бош мураббийлиги курсисини эгаллашга муносиб кўрилаётган номзодлардан бири Сеск Фабрегасдир. Испаниялик ёш мураббий айни пайтда А Серияда “Комо”ни жуда яхши бошқармоқда. Дебютант жамоа бу мавсум жуда мазмунли ўйин намойиш этмоқда ва юқори лигада қолиш вазифасини анча олдин уддалаб бўлгани ҳолда ҳозирча 11-ўринда боряпти.
Фабрегас футбол жамоатчилигига “Арсенал”, “Барселона”, “Челси” ва “Монако” каби машҳур клублардаги фаолияти билан танилган. Клублар миқёсида Англия ва Испания чемпионатлари ғолиби бўлган Сеск Фабрегас Испания терма жамоаси сафида 2010 йилги жаҳон чепионатида ва икки бор Европа чемпионатларида олтин медалларга сазовор бўлган.
Фабрегас муваффақиятли кечган футболчилик фаолиятини 2023 йили “Комо”да якунлаган юлдуз ўша йилнинг ўзидан мураббийликни бошлаб юборди.
37 ёшли мутахассис аввалига “Комо”нинг ёшлар жамоасини бошқарди, кейинчалик асосий таркибда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлади. 2024 йили бош мураббий этиб тайинланган Фабрегас жорий мавсум давомида бир қатор катта клублардан чорлов ола бошлади.
“Рома” хўжайинлари жамоани бошқариши мумкин бўлган мутахассислар рўйхатига яна уч кишини киритди. Айни пайтда “Аякс”ни муваффақиятли бошқараётган Франческо Фариоли, Криштиану Роналду билан зиддиятлар туфайли “Ан-Наср”ни тарк этишга яқин турган Стефано Пиоли ва “Женоа”да ишлаётган Патрик Виейра ҳам “Рома”дан ҳамкорлик таклифини олиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги фаолияти кўп жиҳатдан янги мураббийга ҳам боғлиқ бўлади. 29 ёшли ҳужумчимиз жорий мавсум пойтахтликлар билан ҳамкорликни яна бир йилга узайтириб, 2027 йилнинг 30 июнигача “Рома”да қолишга қарор қилган.
Шомуродов бу мавсум “Рома” таркибида А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси мусобақаларида жами 33 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига еттита гол ва тўртта ассист расмийлаштирди.
Фикрлар