
Рўзиқул Бердиев: Терма жамоада ўйнайдиган футболчилар жароҳат олишини хоҳламаймиз
Эртага Ўзбекистон Суперкубоги доирасида "Насаф" ҳамда "Андижон" жамоалари ўзаро куч синашади. Мазкур беллашув олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қуйида қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиевнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ассалому алайкум барчага. Ўйлайманки, эртанги ўйин ажойиб муҳитда бўлади ва мухлислар учун ҳақиқий байрамга айланади. Бу битта учрашувдан иборат ўйин. Назаримда, баҳс кескин курашларга бой бўлади. Йигитларнинг кайфияти аъло даражада ва биз эртанги ўйинга тайёрмиз.
- "Насаф" ҳимоячиларининг стабил эмаслиги сизни ҳавотирга солмаяптими?
- Бу саволингизни бироз чалкаштириб бердингиз. Муҳаммадиев ёш футболчилардан ҳам тез югуради. Тўғри, аксар футболчиларимизда тезлик йўқ, аммо тажриба бор. Айни вақтда жамоамиз Суперлигада пешқадам ва муҳокама қилишга ўрин йўқ. Ҳимоя оқсаётган бўлганда, натижа бундай бўлмасди. Йигитларимнинг ҳимоядаги ўйини мени қониқтиряпти.
- Адашмаётган бўлсам, Максим Шацкихга мураббий сифатида сизни мағлуб эта олмаган. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Бу шунчаки статистика. Ушбу баҳс бошқа даражада бўлади. Макс бу сафар бошқа жамоа билан бизга қарши ўйнайди. Статистикадан кўра, жамоамнинг муваффақияти муҳим.
- "Насаф" кетма-кет икки мавсумдан буён кубокда гуруҳ босқичида қолиб кетяпти. Жамоа айбини ювиш учун эртанги Суперкубокда ғалаба қозонишни мақсад қилганми?
- Биласизми, худди ўтган йилги натижалар такрорланаётгандек. Биз кубокдан чиқиб кетдик. Орқага қараш шартмас ва фақат олдинга интилиш керак. Кубокдаги вазиятимизни эсдан чиқариб, бор эътиборимизни эртанги ўйинга қаратишимиз керак. Ўйлайманки, эртага баҳс умуман бошқача бўлади.
Шерзод Насруллаевнинг захирада қолаётгани ҳақида
- Шерзод Насруллаев бизнинг тажрибали футболчиларимиздан бири саналади. Унинг захирада қолиб кетаётгани жароҳати билан боғлиқ. у охирги беллашувларда бетоб бўлди ва жароҳатини тузатиш билан банд.
- Эртанги баҳсда терма жамоага чақирилган футболчиларга нисбатан эҳтиёткорлик борми?
- Терма жамоада ўйнайдиган футболчилар жароҳат олиб боришини хоҳламаймиз. Бироқ бу учрашувни ҳам унутиб бўлмайди. Ўйлайманки, эртага футболчилар майдонда борларини беришади.
- Агар эртага ўйин пенальтилар сериясига борса, Абдуқоҳид Неъматов яна пенальти тепадими?
- Бизда пенальти тепадиганлар анча кўпайди. Ўйлайманки, бу вазиятгача борсак, бизда муаммо бўлмайди. Биз машғулотларда бунинг устида ишладик.
- Эртанги учрашувда мухлисларнинг қўллаб-қувватлови қанчалик муҳим?
- Эртага ажойиб муҳит бўлади. Бу ҳар тарафдан ёқимли. Нафақат, стадионга келиб, балки, телевизор орқали кўриш ҳам анча яхши бўлади.
Фикрлар