
“Реал” ҳужумчиси кетишга кўнмаяпти
“Реал”нинг олдинги чизиғида рақобат жуда кучайиб кетган. Ҳатто универсал ҳужумчи Родриго Гоэсга ҳам мунтазам ўйин амалиёти кафолатланмади ва клуб бразилиялик юлдуздан воз кечишга ҳам тайёрлигини билдирди.
Мадридга катта умидлар билан келган яна бир бразилиялик ҳужумчи Эндрик атрофида ҳам худди шундай вазият вужудга келди.
ESPN Brasil журналистларининг ёзишича, “Қироллик клуби” 18 ёшли футболчи мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши ва Европа футболига янада яхшироқ мослашиши учун уни бошқа жамоага ижарага жўнатмоқчи бўляпти.
Бироқ бу вариант Эндрикнинг ўзига маъқул келмади. Ёш ўйинчи Мадридда қолиб, асосий таркибга кириш учун Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор билан рақобатлашишни истаяпти.
Эндрик 2024 йилнинг ёзида “Палмейрас”дан олиб келинган эди. “Реал”даги дебют мавсумида 37 та учрашувда майдонга тушиб, еттита гол ва битта ассист муаллифи бўлди.
Фикрлар