
ПСЖ бир нечта футболчини асосий жамоа режаларидан чиқарди
Рандаль Коло-Муани мавсумолди тайёргарликни ПСЖнинг 21 ёшгача бўлган ёшлар жамоасида бошлайди. Бу ҳақда "Le Parisien" нашри хабар бермоқда.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини "Ювентус"да ижарада ўтказган ҳужумчи асосий жамоанинг келгуси мавсумдаги режаларига киритилмаган. Туриндаги фаолияти давомида француз футболчи А Сериянинг 16 та ўйинида 8 та гол урган бўлса-да, ижарадан қайтгач, унга ПСЖнинг асосий таркибидан жой топилмади.
Парижликларнинг бошқа футболчилари - Милан Шкриньяр, Марко Асенсио, Карлос Солер ва Норди Мукиеле ҳам худди шундай аҳволга тушиб қолди. Уларнинг барчаси ёшлар жамоасига ўтказилган бўлиб, ПСЖ ёзги трансферлар ойнасида уларни сотиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Коло-Муани парижликлар сафига 2023 йилнинг ёзида "Айнтрахт"дан 90 миллион евро эвазига ўтган эди.
Фикрлар