Ўзбекистон ва Португалия футзал федерациялари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди

CHERY AUTO

Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Мамақулов хизмат сафари доирасида Португалияда бўлиб турибди. Ташриф чоғида ЎФФ раҳбари Португалия футбол федерациясининг футзал йўналиши раҳбари, мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Браз, шунингдек, футзал бўйича йўналиш раҳбари Антонио Феррейра билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати маълум қилди.

Музокаралар давомида икки мамлакат футзалининг ривожига хизмат қилувчи йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ҳамда ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Браз ўзбек делегациясига мамлакат терма жамоалари инфратузилмаси, мураббийлар штаби фаолияти ва футзалчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашув якунида томонлар қуйидаги муҳим йўналишларда келишувга эришдилар:

Tecno

Португалиялик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб этиб, футзал терма жамоаси мураббийларининг малака ошириши ва амалиёт ўташи учун шароит яратиш;

Футзал соҳасида мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш дастурини йўлга қўйиш;

Яқин келажакда Ўзбекистон ва Португалия миллий, ёшлар ҳамда ўсмирлар футзал терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш.

ЎФФ президенти Бекзод Мамақулов учрашув натижалари ҳақида фикр билдирар экан, бу ташриф Ўзбекистон футзали тараққиётида янги даврни бошлаб беришига урғу берди:

“Португалия футзали бугунги кунда дунёнинг энг илғор тизимларидан биридир. Биз учун уларнинг тажрибасини ўрганиш ва ўз тизимимизга тадбиқ этиш ниҳоятда муҳим. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон футзали ривожида янги саҳифа очади”, — деди Б. Мамақулов.

Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги спорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, футзал йўналишида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашувини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ташриф якунида томонлар эсдалик совғаларини алмашдилар. Бекзод Мамақулов учрашувдан сўнг хизмат сафари билан Лондон шаҳрига жўнаб кетди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!