Ўзбек классикоси тарихидаги энг эсда қоларли учрашувлар!

  • 13 сентябрь, 12:00
  • Oybek Yo’ldoshev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

13 сентябр куни Ўзбекистон Суперлигаси 21-тури доирасида "Пахтакор" клуби Тошкентда "Нефтчи" жамоасини қабул қилади. Ушбу ойин олдидан “ўзбек классикоси" тарихидаги энг эсда қоларли баҳсларни эслаб ўтамиз.

Tecno

"Нефтчи" 2:0 "Пахтакор"

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигидан кейин ўтказилган биринчи миллий чемпионат ўйинларида "Пахтакор" ва "Нефтчи "жамоалари қўш чемпионликни қўлга киритган. Бу натижада жамоаларнинг 34-турдаги ўйини катта аҳамиятга эга бўлди. 

Мусобақа якунланишига 3 та тур қолганида "Нефтчи" жамоаси "шерлар"дан 3 очкога ортда борарди. 34-турда ушбу жамоалар Фарғонада тўқнаш келди. Ушбу учрашув Юрий Саркисян шогирдларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган голларга Равшан Бозоров ва Алберт Сараев муаллифлик қилди.

"Пахтакор" 5:4 "Нефтчи"

1993 йилги мавсум "Нефтчи" жамоасининг чемпионлиги билан якунланади. Бироқ, "Пахтакор" жамоаси турнир якунланишига 6 та тур қолган бир пайтда бўлғуси чемпионни мағлуб этиш орқали ўз мухлисларини хурсанд қилади. 

1993 йилнинг 3 октябр санасида "Пахтакор" Тошкентда "Нефтчи"ни қабул қилади. Учрашув 5:4 ҳисобида мезбонларнинг ғалабаси билан якунланади. "Шерлар"нинг голларига Мурод Алиев, Нўмон Ҳасанов, Шуҳрат Мақсудов, Фарҳод Магометов ва Миржалол Қосимов муаллифлик қилади. Фарғоналикларнинг жавоб голлари эса Степан Атоян (2 та), Рустам Дўрмонов ва Абдусамад Дўрмонов ҳисобига ёзилади.

"Пахтакор" 0:0 "Нефтчи"

1996 йилги Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал ўйини "Пахтакор" ва "Нефтчи" ўзаро тўқнаш келди. "Пахтакор" стадионида ўтган ўйиннинг асосий вақти 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Экстра-таймлар ҳам ҳисоб ўзгармади. Навбат пенальтилар сериясига етди. Футбол лотереясида эса "Нефтчи" жамоаси ғалабага эга чиқди.

"Нефтчи"дан пеналтиларни амалга оширган Сергей Ни, Раҳматулло Фузайлов, Акмал Холматов, Шуҳрат Шамсиев ва Сергей Андреев зарбада адашмади. "Пахтакор"дан эса Азамат Абдураимов, Николай Ширшов, Собир Ходиев ва Дилмурод Назаров пенальтидан аниқ фойдаланган бўлса-да, сўнгги зарбани йўллаган Андрей Акопянс гол кирита олмади. Шу тариқа, "Нефтчи" жамоаси ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон кубогига эга чиқди.

"Нефтчи" 4:0 "Пахтакор"

2002 йилги мавсум тўлиқлигича "Пахтакор"га аталди дейиш мумкин. Жамоа Ўзбекистон чемпионлиги ва кубогига эга чиқди. Айниқса, кубок финалида азалий рақиби "Нефтчи" устидан ғалаба қозонди. Бироқ "Нефтчи" ҳам ушбу мавсум ўз майдонида мухлисларига "Пахтакор" устидан қозонилган энг йирик ғалабасини тақдим эта олди.


2002 йилнинг 5 декабр санасида жамоада тўқнаш келди. Ўзбекистон Олий лигасининг 27-туридан ўрин олган ушбу баҳс Юрий Саркисян шогирдларининг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувда киритилган голларга Анвар Бердиев (2 та), Мухтор Қурбонов ва Рустам Дўрмонов муаллифлик қилди.

"Пахтакор" 6:0 "Нефтчи"

2017 йилнинг ёзида "Пахтакор" жамоасида катта ўзгаришлар рўй берди. Жамоа ўз таркибини Олий лига юлдузлари ва маҳоратли легионер футболчилар билан янада кучайтириб олди.

2017 йилнинг 12 август санасида "Пахтакор" ўз майдонида "Нефтчи" клуби қабул қилади. Таъкидлаш керакки, ўша кезлари Вадим Абрамов шогирдларининг умуман ишлари юришмаётган, жамоа турнир жадвалида 15-поғонани эгаллаб турган вақтлар эди. Натижа ҳам клубларнинг ўша вақтдаги ҳолатига мос бўлди.

Учрашувда "Пахтакор" 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда киритилган голларга Тиаго Безерра (2 та), Азим Аҳмедов, Игор Сергеев ва Владимир Козак муаллифлик қилди. Бу Пахтакорнинг ўз тарихида "Нефтчи" устидан қозонган энг йирик ғалабаси ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ўйинда Игор Сергеев томонидан киритилган гол "Пахтакор" клубининг Суперлигадаги 1700-голи сифатида тарихда қолди. 

"Нефтчи" 0:4 "Пахтакор"

2025 йил бошида ўз таркибини яхшигина кучайтириб олган "Нефтчи" жамоаси ушбу йилдаги биринчи "ўзбек классико"си олдидан мазкур баҳс фовариди деб эътироф этилганди. Сабаби, бу вақтда келиб "Пахтакор" клуби 5 та ўйиннинг 4 тасида мағлуб бўлган ва мавсумни жуда ёмон старт билан бошлаган эди. Аммо 19 апрелда бўлиб ўтган баҳсда умуман бошқача муҳит ҳукм сурди.

Педро Морейра бошчилигидаги жамоа Фарғонадан 0:4 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Учрашувда киритилган голлар "Нефтчи" клубининг собиқ футболчиси Умар Адҳамзода (2 та), шунингдек, Игор Сергеев ва Браян Риаскосларнинг ҳисобига ёзилди.

Бугунги баҳс "Жар" стадионида 19:00да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!