
Отабек Шукуров: Ҳар бир ғалаба ва ҳар бир очко бизни Жаҳон чемпионатига яқинлаштиради
"ЖЧ-2026" саралаши доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 март куни Қирғиз Республикасига қарши, шунингдек, 25 март куни Эронга қарши ўйин ўтказади. Айни вақтда "оқ бўрилар" қўшниларимизга қарши учрашув олдидан Тошкентда тайёргарликни давом эттирмоқда.
Термамиз етакчиларидан бири ҳисобланган Отабек Шукуров муҳим учрашувлар олдидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Марҳамат, унинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин.
- Сизлар ҳам қаттиқ ишлаяпсизларми дейман? Анча кўпайишиб қолибсизлар (Жараён бошланишидан аввал журналистларга қарата)
- Ҳал қилувчи босқичда, ҳал қилувчи ўйинларга яқин келяпмиз. Кечадан йиғилиб, бугундан машғулотларни бошлаяпмиз. Йигитлар ҳар хил ҳолатда келмоқда. Ҳамма соғ-саломат ва оптимал ҳолатда келиши муҳим.
- Жамоада ички муҳит қандай?
- Жамоанинг ичида кайфият аъло даражада. Ҳамма вазиятни тушуниб, йиғинга етиб келди. Футболчилар, мураббийлар штаби учрашувга шай ҳолатда. Ўйлайманки, сизлар ҳам (журналистлар).
- Қирғиз Республикасига қарши илк беллашув осон кечмаганди. Бу сафар тайёргарлик қандай кечмоқда?
- Бу гал ҳам осон бўлмайди. Сабаби, ҳал қилувчи босқич ва ҳамма очко олиш учун ҳаракат қиляпти. Гуруҳни бир ва иккинчи ўринда якунлай олмаган тақдирда ҳам термаларда имконият бўлади. Бу термаларнинг иштиёқини ошириб юборади. Бундан ташқари, ҳар бир терма ўзининг мухлислари учун ҳам ўйнайди. Мураббийлар ҳам бугун бизга шуни тушунтиришга ҳаракат қилди. Ҳар бир ғалаба ва ҳар бир очко бизни Жаҳон чемпионатига яқинлаштиради. Ўйлайманки, биринчи учрашувда чиройли ғалаба билан юзимизни ёруғ қиламиз.
- БАА томони Қирғиз Республикасига ғалаба учун мукофот пули ваъда қилди, дейилмоқда. Бунга муносабатингзи қандай?
- Илк беллашувда ҳам Қирғиз Республикасининг президенти биз билан ўтган илк баҳс учун футболчиларига машина ваъда қилгани ҳақида эшитгандик. Бу нормал ҳолат. Айни вақтда БАА ва ҳамма ҳаракат қилмоқда. Уларни бу вазиятга биз олиб келдик, аслида. Таклифлар бўлиши табиий ҳолат. Ҳамма ЖЧга чиқишни истайди. Биз ҳам мақсадимиз йўлида ҳаракат қиламиз.
- Эрон ёки бошқа кучли рақибларни таслим этиш учун биз ҳам мукофот пули таклиф қилишимиз керак эмасми?
- Ундай, деб ўйламайман. Сабаби, ҳаммаси ўз қўлимизда ва жуда яхши ҳолатдамиз. Бу таклифингизни раҳбариятга бориб айтсангиз, яхши бўлади. Биз футболчи сифатида ўзимизнинг қўлимиздаги имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- Терма жамоада бош мураббий ўзгаргани ўйинга таъсир ўтказмайдими?
- Таъсир ўтказмайди, деб ўйлайман. Темур ака термада янги эмас. Аввал ҳам бу ерда ишлаган. Бундан ташқари, Темур ака эски мураббийлар штабини сақлаб қолган ва муҳит ўша-ўша.
Comments