
“Ливерпуль” юлдузи Ҳусановга қандай муносабат билдирди?
Нидерландия – жаҳон футболига жуда кўп маҳоратли ўйинчиларни тарбиялаб берган. Бу мамлакатдан етишиб чиққан чарм тўп усталари Европанинг турли лигаларида порлаганини кўришимиз мумкин.
Ана шундай юлдузлардан бири Райан Бабел “Аякс”нинг машҳур тарбияланувчиларидан ҳисобланади. Таниқли ҳужумчи қадрдон жамоаси сафида икки мартадан Нидерландия чемпиони, мамлакат кубоги ва суперкубоги соҳиби бўлган.
Юлдузли даври “Ливерпуль”да ўйнаган пайтига тўғри келди. Бабел 2007-2011 йиллар давомида Англия Премьер-лигасида маҳорат кўрсатди.
Умуман олганда, 2024 йилнинг ноябрида профессионал футболчилик фаолиятини якунлагунича 38 ёшли футболчи юқорида номи келтирилган икки жамоадан ташқари Германиянинг “Хоффенхайм”, Испаниянинг “Депортиво”, Англиянинг “Фулхэм”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Айн”, Туркиянинг “Қосимпошо”, “Бешиктош”, “Галатасарой” ва “Эюпспор” клубларида тўп тепган.
Райан Бабел Англия Премьер-лигаси грандлари билан шартнома тузган Марказий Осиёнинг икки истеъдодли футболчиси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Мендан Дастан Сатпаевнинг “Челси”га трансфери ҳақида фикр сўрашяпти. Мен бу футболчига Лондон клуби академиясидаги мураббийлар гапларини яхшилаб тинглашни маслаҳат берган бўлардим.
Чунки шундай қилиш орқали маҳаллий муҳит ва маданиятни тезроқ англаб олиш имкони туғилади. У инглиз тилини қай даражада ўзлаштирганини билмайман. Тил билиш жамоага киришиб кетиш учун жуда муҳим омил ҳисобланади.
Энг асосийси, ўз кучига бўлган ишонч. Баъзан мухлисларнинг кучли босими остида қолиб кетасан ва ана шундай ҳолатда бор эътиборни ўз мақсадларингга йўналтириш жуда қийин бўлади.
- Сиз ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни “Манчестер Сити”га ўтганини ҳам эшитгангандирсиз?
- Ҳа, бу Ўзбекистон ва Қозоғистон каби футболи ривожланишда давом этаётган мамлакатлар учун жуда муҳим трансфер ҳисобланади.
Агар бу ерда мана шундай истеъдод эгалари кашф этилверса, қудратли клублар скаутлари бу бозорларни янада диққат билан ўрганиб чиқишга эътибор қаратади.
Масалан, сиз менинг қадрдон клубим “Аякс”ни жуда яхши биласиз. Мисол учун мана шу клуб ёш ва салоҳияти юқори иқтидорларни топиш, уларни футболчи сифатида янги босқичларга чиқишига ёрдам бериш йўналишида жуда фаол ишлайди, - деди Райан Бабел.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 январь куни “Манчестер Сити” 40 миллион евро эвазига Франциянинг “Ланс” клубидан Абдуқодир Ҳусановни трансфер қилди. 21 ёшли марказий ҳимоячи Англия Премьер-лигасида майдонга тушган Марказий Осиёнинг биринчи футболчиси сифатида ўз номини тарихга ёздириб қўйди.
Шунингдек, Лондоннинг “Челси” клуби Қозоғистоннинг “Қайрат” клуби тарбияланувчиси Дастан Сатпаев билан 5 йиллик шартнома имзолади. 16 ёшли футболчининг трансфери “аристократлар”га 4,3 миллион еврога тушди. Сатпаев 18 ёшга тўлгунича “Қайрат” клубида ўйнаб туради.
Фикрлар