Кубок финалчилари Бухорода, "Истиқлол"да катта ўйин, "чўкаётган" "Шўртан" "Сўғдиёна"га қарши ёхуд тур олдидан

  • 3 октябрь, 11:11
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Бугун Суперлигада 24-турга старт берилади. Бу сафар бизни қуйидаги жуфтликлар ўртасидаги беллашувлар кутмоқда.

Tecno

3 октябрь

17:00. “Хоразм” - “Навбаҳор”

1-тур “Хоразм” - “Навбаҳор” ўйини билан бошланади. Охирги 7 та турдан бери ғалаба қозона олмаётган “Хоразм” бу сафар наманганликларни қабул қилади ва Ҳаким Фузайлов жамоасини фақат ҳалаба қониқтиради. “Навбаҳор”да бош мураббий ўзгарди ва ўтган турда Шерзод Жўраев янги лавозимдаги дебютини ўтказиб, унда ғалаба қозонди. “Хоразм” 20 очко билан 15-ўринда турибди. “Навбаҳор”га нисбатан мезбонларда босим кўпроқ.

19:15. ОКМК - “Қўқон-1912”

Ўтган турда мағлубиятга учраган ОКМК жамоаси медаллар учун курашмоқда ва бу йўлда Миржалол Қосимов жамоасига ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Ўйин олдидан фаворит сифатида ОКМК тилга олинмоқда ва табиийки, мезбонларнинг ғалаба учун имкониятлари кўпроқ баҳоланмоқда.

4 октябрь

17:00. “Сурхон” - “Динамо”

Бир-биридан қолишмайдиган бу жамоалар баҳси ҳам жуда қизиқарли ва ҳужумкор ўтиши катта эҳтимол. Ҳимоявий футболдан кўра, ҳужумкор футболни устун қўядиган ушбу клублар баҳсида мухлислар голлар кўрса ажаб эмас. Вадим Абрамов жамоаси совринли ўринлар учун курашда йўқотаётган очколари албатта қимматга тушади.

17:00. “Бухоро” - “Пахтакор”

Яқинда Ўзбекистон Кубоги финалига чиққан “Бухоро” ва “Пахтакор” ҳал қилувчи учрашув олдидан чемпионат доирасида ўзаро беллашадилар. Бу ўйинда “Бухоро” мезбон. Бу клуб 13-ўринда, “Пахтакор” эса 3-поғонада. “Бухоро” бош мураббийи Хомяков илгари “Андижон”ни бошқарганида “Пахтакор”ни ютган учрашувлари бўлган. Балки финал олдидан ушбу клублар “карталар”ни очишни исташмас!

19:15. “Бунёдкор” - “Насаф”

“Насаф” ОЧЛ Элитда иккита мағлубиятга учраганига қарамай, ўйин бўйича ёмон таассурот қолдираётгани йўқ. “Бунёдкор” амалдаги чемпионни ва ҳозирда пешқадам бўлиб турган рақибини қабул қилади. “Қалдирғочлар” ва “Аждарлар” ўйини турнинг марказий беллашуви сифатида қаралмоқда.

5 октябрь

17:00. “Шўртан” - “Сўғдиёна”

Суперлигада тобора “чўкиб” бораётган “Шўртан”нинг қаршисида бу сафар “Сўғдиёна”. Ғузорликлар жуда қийин вазиятда. “Сўғдиёна”га қарши мезбонлар қандайдир сюрприз кўрсата олишадими? Бунга кимдир ишонади, кимдир ишонмайди. Ҳозирги факт шуки, “Шўртан” боши берк кўчага кириб қолган. Анча-мунча ғалабалар ҳам энди таъсир қилиши қийин. Боиси, 15-ўриндаги “Бухоро” билан очколар фарқи 8 тани ташкил қилмоқда. “Шўртан”да бош мураббий ўзгаргани ҳақида гап-сўзлар бор. Асрор Алиқулов яна ғузорликлар жамоасини бошқаришга киришгани айтилмоқда. Шундай бўлса, бу унинг “Сўғдиёна”га қарши дебют беллашувига айланади.  

17:00. “Нефтчи” - “Андижон”

Бу турда жуда қизиқарли ўтиши кутилаётган водий дербиси бор. Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” қўшни “Андижон” жамоасини қабул қилади. “Бургутлар” Осиё Чемпионлар лигаси 2 мусобақасида дастлабки иккита турда 0:0 ҳисобини қайд этди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам водий дербиси юқори темпда ўтади. Бу шубҳасиз турнинг марказий беллашуви ҳисобланади. Бундай баҳсни ўтказиб юбормаслик керак.

19:15. “Қизилқум” - “Машъал”

Ушбу турни “Қизилқум” - “Машъал” қарама-қаршилиги якунлаб беради. Бир-бирига муносиб рақиблар. Ўйинни ҳозирдан зерикарли ёки ҳужумкор ўтади, деб айтиш қийин. Барчаси жамоаларнинг тайёргарлигига боғлиқ. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!