
"Жамоадаги муҳит ва мухлислар ёқимли бўлди, фаолиятимни яна "Андижон"да давом эттириш ниятим бор" - Илҳом Алижонов
“Андижон” сафида чемпионатни анча сермаҳсул ўтказган футболчилар қаторига Илҳом Алижонов ҳам киради. У ҳимоячи бўлишига қарамасдан Суперлигада 19 та учрашувда 3 та гол уришнининг уддасидан чиқди ва 2 та голли пасни ҳам амалга оширган. Ўзбекистон Кубогида 3 та беллашувда иштирок этди.
Фақат чемпионатнинг охирги турларида у жароҳат туфайли жамоасига ёрдам бера олмади. Ҳужумкор ҳимоячини ўз сафида кўришни хоҳлаётган клублар ҳам йўқ эмас. Шу ва бошқа саволлар билан Алижоновга мурожаат қилдик.
- Илҳом, якунига етган мавсум ҳақида сўрамоқчиман. Андижон 7-ўринни эгаллади. Натижадан қониқдингизми?
- Бу йилги мавсум биз учун, жамоамиз мухлислари учун аъло даражада ўтди. Натижага келсак, албатта қониқдик. Жамоамиз учун яхши кўрсатгич бўлди. Албатта, бундан ҳам яхшироқ натижага эришсак бўларди. Баъзида ютаётган пайтларимизда имкониятни бой бердик. Шуларни ҳисобга олсак, янада юқори ўринлардан бирини эгаллашимиз ҳам мумкин эди. Шунга қарамай, Про лигадан чиққан жамоага 7-ўрин ҳам яхши натижа деб ўйлайман.
- Ҳимоячи бўлишингизга қарамай, 3 та гол урдингиз, 2 та ассист амалга оширдингиз. Илгари фаолиятингизда бундай сермаҳсуллик бўлмаганди. Буни ўзингиз ҳам кутмаганмидингиз?
- Тўғри айтасиз, бу йил 3 та гол уриб, 2 та ассистни амалга оширдим. Ҳар бир футболчи мавсум олдидан ва ўйинлар олдидан яхши ният қилади. Гол ураман, голли паслар бераман деган ниятда бўладилар. Худога шукр, бундан ҳам яхши бўлди. Бу йилги мавсумда анча барқарор ўйнадик. Олдин бундай бўлмаганди. Ҳа, мен ҳам яхши ният қилгандим. Бироқ бунақа даражада яхши бўлишини кутмагандим.
- “Андижон”даги икки йиллик фаолиятингизда сизга энг ёққан нарса нима бўлди?
- Икки йиллик фаолиятимда энг ёққан нарса “Андижон”да йиғилган футболчилар ва муҳит бўлди. Биз битта оила бўла олдик ва яхши мураббийлар қўли остида ўйнадим. Кўз тегмасин, жамоамизда ички муҳит аъло даражада эди. Бундан ташқари, мухлисларимиз ҳақида гапириш ёқимли ва улар ўзгача ҳолатда қўллаб-қувватлаб турдилар. Ҳар бир учрашувга бошқача янгилик яратишарди. Шу томонлама ҳам ниҳоятда ёқимли бўлди.
- Эшитишимча, сизга бир қатор таклифлар бор. Жумладан, “Навбаҳор”нинг қизиқиши ростдан мавжудми?
- Ҳа, албатта, менга 3-4 та клубдан таклиф бор. Уларнинг орасида “Навбаҳор”дан ҳам қизиқиш бўляпти. Ҳали нима бўлиши аниқмас.
- “Андижон” билан яна бир йиллик шартномангиз бор. Шундай экан, жамоада қолиб фаолиятингизни давом эттирасизми?
- Тўғри, “Андижон” билан шартномам икки йиллик. Ўзимни яна “Андижон” клубида қолиб фаолиятимни давом эттириш ниятим бор. Ҳозирча дамдамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар