
Ҳаким Фузайлов: "Менимча, мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ўтказдик"
Ўзбекистон Суперлигасининг 9-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Хоразм” (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати хабар берди.
Урганчликлар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Баҳснинг жуда қийин кечишини билгандик. “Навбаҳор” ўтган турда сафарда мағлубиятга учраганди ва ўз мухлислари қаршисида ҳужумкор ўйнаб, ижобий натижага ҳаракат қилиши олдиндан маълум эди. Ўйин жамоамиз учун яхши бошланганди, аммо хатоларга йўл қўйдик. Чарчоқ йиғилиб қолганга ўхшади. Афсуски, айни пайтда таркиб билан боғлиқ қийинчиликлар бор, аммо биз бу ҳолатдан чиқиб кетамиз. Жамоа яхши ўйнамоқда, аммо хатолар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, “Навбаҳор”ни ғалаба билан табриклайман.
- Бугунги ўйин учун қандай вазифа қўйилганди ва шогирдларингиз буни қанчалик уддалашди?
- Бунгача яхши ўйнагандик ва тўпни кўпроқ назорат қилгандик. Ҳа, бизда вазиятлар ҳам бўлди, у ҳар доим бўлган. Биз тўпни ўзимизда назорат қиладиган футбол ўйнашга уриняпмиз. Афсуски, бугунги беллашувда “Навбаҳор” кўпроқ тўпга эгалик қилди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Захирадан тушган футболчилар ўйинга киришиб кета олишмади. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Менимча, бугун мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ўтказдик. Буни таҳлил қилиб чиқамиз.
- “Хоразм” олдинги ўйинларда тетикроқ ҳаракат қилганди. “Насаф” билан бўлган олдинги баҳсда ҳам ёмон кўринмаганди. Бугунги ўйинда эса йигитлар бироз толиққандек кўринишди...
- Биз “Насаф”га қарши кечган баҳсда кўп куч йўқотдик. Эҳтимол, тўлиқ тикланишга улгурмагандирмиз. Нима бўлганда ҳам, рақибнинг ҳужумларига ҳужум билан жавоб беришга ҳаракат қилдик. Аммо, йигитлар бу сафар сустроқ кўринишди. Бу ўрта чизиқ ва ҳужумда сезилди. Шу боис, якунда мағлубиятга учрадик. Таркибга қўшилиши мумкин бўлган ёш йигитлар бор. Улар футболни соғиниб қолишган, деб ўйлайман. Ротациялар қиламиз.
- Суннатилло Абдуллажонов ва Мурод Бобожоновнинг захирада қолдирилишгани сабаби нимада? Улар билан иккинчи бўлимда ўйинни кучайтирмоқчимидингиз?
- Ҳа, шуни режалаштириб, уларнинг ҳисобига ўйинни кучайтириш мақсадимиз бор эди.
- Жорий мавсумда жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?
- Вазифа ҳали ҳам битта. “Хоразм” 15 йил Ўзбекистон олий лигасида ўйнамади. Вазифа жамоани Суперлигада сақлаб қолиш.
- Жамоа таркибидан қониқяпсизми? Иккинчи даврада таркиб кучайтириладими?
- Ҳар қандай мураббий доим унга кимдир етишмаётганини айтади. Шундай бўлган, бундай кейин ҳам бўлади. Суперлигада ўйнашимизни анча кеч билдик. Албатта, таркибимизни кучайтирамиз. Агар чемпионат ва Ўзбекистон кубоги доирасида шундай баҳслар бўлиб турса, ўйиндан ўйинга яхши ўтиш учун тенг захира керак
- Таркибга ёш футболчиларни жалб қилиш бўйича нима дея оласиз?
- Ўринбосарлар таркибимиз бутун Хоразм вилоятидан йиғилган йигитлардан ташкил топган. Улар жуда ҳам ёш. Аммо, уларга Суперлигада ўйнаш учун вақт керак. Ҳатто кўпи Про лига даражасига ҳам ўтишмади. Кимдир Биринчи лигада ўйнаган.
- Чемпионат фаворити ким деб ўйлайсиз?
- Айтиш қийин. Аммо, ҳозирда жамоалар гуруҳи аниқ бўлди. Бу ҳар турда камбэклар қилаётган ОКМК. Миржалол Қосимовда жуда яхши ёшлар бор. “Бунёдкор” бор. Ҳисобдан чиқариб бўлмайдиган “Насаф”дек ажойиб жамоа бор. Бир мураббий ушбу жамоада узоқ йиллар давомида ишламоқда. “Пахтакор”, “Навбаҳор” ва ҳатто “Динамо”ни ҳам ҳисобдан чиқариш керак эмас. Бир гуруҳ жамоалар. Чемпионат қизиқарли ва жуда қийин бўлади. Иккаласи ҳам бирдек. Ҳозирда кимнидир ажратиб, чемпион бўлади, деб айтиш жуда қийин.
- Нима деб ўйлайсиз, “Хоразм” жорий йилда нечанчи ўринни банд этиши мумкин?
- Башорат қилмайман. Бизнинг биринчи даражали мақсадимиз — жамоани Суперлигада сақлаб қолиш. Умуман олганда, 8 та тур ўтказдик. Бугун “Навбаҳор”га ютқаздик. 7 та турда эса ҳеч кимга ўйин борасида ютқазмадик. Ҳатто айрим баҳсларда чемпионат фаворитлари билан бир хил ўйнадик ва ҳатто ўз вақти билан кўпроқ хавфли вазиятлар яратдик. Шу сабабли, қайси ўринни эгаллашимизни айтиш қийин. Ҳозирча жамоани Суперлигада сақлаб қолмоқчимиз.
Фикрлар