Эшли Янг: Конте Манчестер клубини қабул қилса, ўйинчиларнинг ҳолига вой!
“Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Эшли Янг клуб раҳбариятини мураббий Антонио Контени бош мураббий этиб тайинлашда огоҳ бўлишга чақирди.
Конте ҳозирги бош мураббий Майкл Кэррикнинг ўрнини эгаллаш учун асосий номзодлардан бири ҳисобланмоқда. Кэррик мавсумни муваффақиятсиз бошлагани сабабли жиддий босим остида қолган.
Бироқ “Интер”да Конте қўл остида ўйнаган Янгнинг огоҳлантиришича, “Юнайтед” футболчилари кўп югуриш, зерикарли машғулотлар ва узоқ давом этадиган жамоавий йиғилишлардан мамнун бўлмаслиги мумкин.
- “Манчестер Юнайтед” футболчиларининг югуриш кўрсаткичлари ҳақида кўп гапирилди. Агар улар кўпроқ югуришни бошламаса-ю, жамоага Антонио Конте келса, бу ҳалокатли ҳолат бўлади.
Унинг номзоди муҳокама қилинмоқда. Агар шундай бўлса, “Манчестер Юнайтед” футболчилари бундан хурсанд бўлишига ишончим комил эмас. Менимча, Конте “Тоттенхэм”га келганида ҳам буни кўргансиз.
“Интер”га ўтишдан олдин ўзимга: “У қандай мураббий экан?” деган саволни бергандим. “Тоттенхэм” ва “Челси”нинг кўплаб футболчилари билан гаплашдим. Улар менга: “Сен жуда кўп югурасан, жисмоний ҳолатинг эса аввалгидан ҳам яхшироқ бўлади”, дейишди.
Аммо биласизми, менимча, айнан шу нарса фаолиятимни узоқ давом эттиришимга ёрдам берган сабаблардан бири бўлди. Гарчи бу жараён ақлдан оздирадиган даражада оғир бўлса ҳам.
11 га 11 форматдаги машғулотлар кўпинча бироз зерикарли ўтарди. Йиғилишлар эса жуда узоқ давом этарди. Масалан, мағлубиятдан кейин шундай йиғилиш ўтказишимиз мумкин эдики, ўша вақт давомида деярли ҳамма иш тўхтаб қоларди.
Сиз у ерда уч-тўрт соат ўтириб қолишингиз мумкин эди. Менимча, Конте ҳеч бир клубда узоқ вақт қолмаганининг сабабларидан бири ҳам шу. У одамларнинг сабр-тоқатини синайди. Бу нафақат футболчиларга, балки раҳбарият ва клуб эгаларига ҳам тегишли. Оқибатда одамлар ундан ғазаблана бошлайди, - дейди Эшли Янг Daily Mail нашри вакиллари билан суҳбатда.