Чераннинг "Пахтакор"га қарши айтар "сўзи" борми ёхуд бугун Кубок йўлида "Шерлар" ва "Аждарлар" олишуви!

BEPUL PROPAN

Бугун Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичининг 3-турига старт берилади. Сўнгги тур ўйинлари 13 майда бошланиб 21 май санасида якунланади. 13-14 май кунларига 8 та ўйин белгиланган бўлса, 20 ва 21 май кунларига яна қолган 8 та беллашув режалаштирилган.

Бугун бўлиб ўтадиган “Пахтакор” – “Насаф” учрашувига сўзсиз қизиқиш катта. Уларнинг иштироки чемпионат ва Кубок баҳсида бўладими, номларнинг ўзиёқ катта афиша!

Айнан 13 май куни, бугун "Пахтакор" Ўзбекистон Кубоги 3-турида "Насаф"га қарши "Жар" стадионида майдонга тушади.

Жамоалар Ўзбекистон Кубогида жами 18 марта тўқнаш келишган. Уларнинг 7 тасида "Шерлар" ғалаба қозонган бўлса, 5 та баҳсда дуранг қайд этилган ва 6 ўйинда рақиб ғалабаси кузатилган.

“Пахтакор” жамоаси 28 тўп киритган ҳолда дарвозасидан 21 гол олиб чиққан. Кубок плей-офф босқичларида 8 тўқнашувнинг 5 тасида "Пахтакор", 3 тасида "Насаф" навбатдаги босқичга йўл олган. Яна уч баҳс финал ўйинида кузатилиб, уларнинг иккитасида "Шерлар", яна бирида рақиб ғолиб чиққан.

“Пахтакор”ни энди португалиялик Педру Морейра бошқармаяпти. Камолиддин Тожиев ўтган турдан бошлаб вақтинчалик бош мураббий вазифасига киришди. Унгача “Пахтакор” U19 жамоасини бошқариб келаётганди. Тожиев “Пахтакор”нинг асосий жамоаси билан “Бухоро”га қарши учрашувда голлар шоусини уюштириб берди ва 6:0 ҳисобида рақиб тор-мор келтирилди. Энди навбат “Насаф” билан ўйинга ва Тожиевни жиддий имтиҳон кутяпти.

“Н” гуруҳида “Шерлар” икки ўйин натижасига кўра 6 очко билан пешқадам бўлиб турибди. ОКМК ва “Насаф”да эса 3 очкодан бор ва “Навоий ФА” ҳисобида очко йўқ. Ўтган турда “Насаф” ОКМКга 3:2 ҳисобида мағлубиятга учраганини билсангиз керак. Ўшанда 0:2 ҳисобида устунликrf эришиб турган қаршиликлар якунда 3 та тўп ўтказиб юборишганди. “Пахтакор” илк турда ОКМКни 2:1 натижаси билан енгди. Ўтган турда Навоийда академия тарбияланувчилари дарвозасига жавобсиз 9 та гол урди.

3 очкога эга бўлиб турган “Насаф”га кейинги босқичга чиқиш учун фақат ва фақат ғалаба керак. “Пахтакор” кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилиб бўлгандек-а? Бироқ бундай принцпиал баҳсда “Шерлар”нинг асло ютқазгиси келмайди. Уларни дуранг ҳам қониқтиради. ОКМКнинг “Навоий ФА” устидан ғалаба қозонишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

Регламентга кўра, агар “Пахтакор”, “Насаф” ва ОКМКда очколар тенг бўлиб қолса, биринчи навбатда ўзаро ўйинлар натижаларига қаралади. Ундан сўнг ўзаро ўйинларда қўлга киритилган очколарга, тўплар нисбатига қаралади. Хуллас, учала клубда 6 очкодан бўлиб қолса, бу ёғи математик ҳисоб-китобларга айланиб кетади. “Пахтакор” эса вазият бундай чигаллашишига йўл қўймаслик мақсадида ижобий натижа учун курашади.

Рўзиқул Бердиев жамоаси ўтган йили гуруҳда қолиб кетганди. Кетма-кет иккинчи йил “Насаф”нинг гуруҳда қолиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳам Бердиев ўз жамоаси билан ҳар қандай ҳолатда фақат ижобий натижа учун курашади. Қолаверса, "Насаф" сардори Драган Черан бугун собиқ клубига қарши майдонга тушади. Балки унинг "Шерлар"га айтар "сўзи" бордир...

"Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги баҳс 13 май, сешанба куни "Жар" стадионида соат 19:00да бошланади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!