
"Барселона" спорт директори ҳужумчи сотиб олинмаслигига ишора қилди
"Барселона" спорт директори Деку яқин келажакда янги ҳужумчи харид қилиш эҳтимоли ҳақида берилган саволга жавоб берди.
"Менимча, замонавий футболда ҳужумчига ҳаддан ташқари эътибор қаратмаслик керак. Агар шунга бор диққатни қаратаверсангиз, нотўғри қарор қабул қилиб қўйишингиз мумкин. Футбол ўзгарган — энди ҳатто ҳужумчисиз ҳам ўйнаш мумкин.
Агар менга ҳозир бозорда Роберт Левандовски каби ҳужумчи бор десангиз, албатта, биз бунга қизиқардик. Чунки Роберт ўз даврининг энг яхшиларидан бири бўлган ва бутун бир даврни белгилаб берган. Аммо ҳозирча трансферлар ҳақида гапириш вақти эмас, деб ҳисоблайман. Таркибимизда Роберт ва Ферран бор, шунингдек бошқа футболчилар ҳам мавжуд. Демак, фақат битта позицияга қарам бўлишнинг ҳожати йўқ.
Масалан, ПСЖни олайлик: улар Чемпионлар лигаси ғолиби бўлишди, лекин анъанавий марказий ҳужумчисиз ўйнашди. Парижликлар таркибида тезкор, позициясини тез-тез ўзгартира оладиган футболчилар бор. Бугунги футболда фақат форвардларга таяниш хатодир", — деди Деку "Барселона" клуби матбуот хизматига берган интервьюсида.
Маълумот учун, каталонияликлар ҳозирда Ла Лига турнир жадвалида 19 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Фикрлар