“Реал” ашаддий рақиби “Барса” кутаётган футболчини оляпти
- 24-феврал, 05:55
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Испания чемпионатининг икки гранди – “Барселона” ва “Реал” манфаатлари бир ўйинчи – “Боруссия Дортмунд” ҳимоячиси Нико Шлоттербек трансфери устида тўқнашиб қолди.
Ҳар икки клуб ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашда германиялик маҳоратли ҳимоячи хизматига кўз тикмоқда ва бу трансферни ёзда амалга оширишга уриняпти.
AS нашри хабар беришича, Шлоттербекни сотиб олишда “Реал”нинг имкониятлари ошиб бормоқда ва мадридликлар бу трансферни амалга оширишга яқин. “Қироллик клуби” учун айнан шу позицияни кучайтириш устувор вазифа ҳисобланади.
Манба маълумотига кўра, немис футболчиси дортмундликлар билан шартномасини узайтиришдан бош тортмоқда, шу сабабли клуб уни келаси ёзда сотишни режалаштиряпти.
Сўнгги ҳафталарда “Реал” 26 ёшли ҳимоячини кузатиш ва унинг имкониятларини баҳолаш ишларини янада фаоллаштирган.
“Қироллик клуби” мутасаддилари Шлоттербекнинг “Боруссия” ўйинига қўшаётган ҳиссаси ва Германия терма жамоасининг асосий футболчиси сифатидаги мақомини юқори баҳоламоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, ҳимоячининг “Реал”га ўтишига таъсир қилиши мумкин бўлган омиллардан бири — икки клуб ўртасидаги яхши муносабатлар ҳисобланади. Бу трансфер тахминан 50 миллион еврога битиши мумкинлиги айтиляпти.