Расман: Ратиньо "Нефтчи" клуби футболчиси!
- 27-декабр 2025, 15:00
- Muhammadqodir Ruzmatov
- 0
- Футбол
"Нефтчи" ўз таркибига бразилиялик футболчини қўшиб олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
"Жамоамиз 2025 йилги мавсумда чемпионлик шоҳсупасини эгаллаб, миллионлаб мухлислар қалбини қувонтирди. Янги мавсумда биз нафақат бу муваффақиятни мустаҳкамлашни, балки халқаро майдонларда ҳам муносиб ўйин кўрсатиб, Фарғона ва Ўзбекистон шарафини баланд кўтаришни мақсад қилганмиз. Шу сабабли жамоамиз таркибини янада маҳоратли ва истеъдодли футболчилар билан бойитиш йўлида иш олиб бормоқдамиз.
Танишинг: бразилиялик моҳир ярим ҳимоячи Журани Франсиско Феррейра, яъни Ратиньо. У 1996 йил 1 октябрда Бразилиянинг Кавалканте шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини 2017 йилда "Арапонгас" жамоасида бошлаган, кейинчалик "Итаберал", "Итабаиана", "Гояс", 2019/20 йилларда Жанубий Кореянинг "Гвангжу" жамоасида, 2021 йилда эса ўз юрти жамоалари — "Пайсанду", "Лондрина", "Ботафогу-ПБ", "Ретро", "Магуари" ҳамда 2024 йилдан Ўзбекистоннинг "Динамо" жамоасида тўп сурган.
Ратиньо Ўзбекистон Суперлигаси ва Кубоги мусобақаларида жами 22 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Икки мавсумдан бери мамлакатимизда тўп сураётган, барқарор ўйини билан ажралиб турган бразилиялик футболчи билан жамоамиз икки йиллик шартнома имзолади.
Жамоамиз ва барча мухлислар номидан Ратиньони янги мавсумда "Нефтчи" шарафини муносиб ҳимоя қилишда улкан муваффақиятлар тилаймиз", — дейилади фарғоналиклар хабарида.