ЖЧ-2026 финали чипталари яна қимматлади — энг юқори нарх 10 990 долларга етди
- 3-апрел, 11:43
- Bilolbek Imomov
- 0
- Футбол
ФИФА АҚШдаги "MetLife Stadium" аренасида бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026 финал учрашуви чипталари нархини яна оширди.
48 та иштирокчи жамоа номи аниқ бўлганидан кейин эълон қилинган янги тарифларга кўра, финал учун энг қиммат чипта энди 10 990 доллар этиб белгиланди. Бу аввалги 8 680 долларлик нархдан 26,6 фоизга юқори.
Иккинчи тоифадаги чипталар 7 380 долларгача кўтарилди (аввал 5 575 доллар), учинчи тоифа эса 5 785 доллар этиб белгиланди (аввал 4 185 доллар). Шу тариқа ўсиш мос равишда 32,4 ва 38,2 фоизни ташкил қилди.
Манбаларга кўра, ФИФА мусобақа учун динамик нарх белгилаш тизимидан фойдаланмоқда. Шу сабаб, талаб ва қолган жойлар сонига қараб чипта баҳоси ўзгариб бормоқда. Турнир АҚШнинг 11 шаҳри, Мексиканинг 3 шаҳри ва Канаданинг 2 шаҳрида ўтказилади.
Шунингдек, чоршанба куни онлайн савдо жараёнида техник узилишлар ҳам кузатилди — кўплаб мухлислар сайтга киришда муаммоларга дуч келган.