Икки гранд Англиядаги тўпурарни талашяпти
- 23-феврал, 05:25
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Англия Премьер-лигасининг энг қудратли клубларидан ҳисобланган “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” келаси мавсум олдидан ҳужум чизиғини кучайтиришни мақсад қилган.
Ҳар икки клуб жорий чемпионатда тўпурарлик маҳоратини намойиш қилаётган “Брентфорд” ҳужумчиси Игор Тьягони кузатув остига олди. Манчестерликлар ҳам, лондонликлар ҳам трансфер учун ҳаракатни бошлашдан олдин “Брентфорд” мавсумни қандай якунлашини кутмоқда.
Чунки “Брентфорд”нинг 24 ёшли форвардни қўйиб юбориши ёки таркибда олиб қолиши кўп жиҳатдан жамоанинг Европа кубокларига чиқиш ёки чиқмаслигига боғлиқ бўлади.
Бу маълумотларни журналист Экрем Конур Sports Boom нашри орақали тарқатди.
Манба маълумотига кўра, “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” ўтган ёзда сотиб олган ҳужумчиларидан кўпроқ натижа кутган. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади.
“Брентфорд” бразилиялик футболчини 71 миллион фунтдан (81,6 миллион евро) юқори таклиф келиб тушса сотишга рози бўлади.
Тьяго 17 та гол билан жорий мавсум Англия чемпионатининг иккинчи энг яхши тўпурари ҳисобланади. Унинг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2031 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 35 миллион еврони ташкил этмоқда.