Гвардиола икки ўйинга ҳайдалди
- 8-март, 11:09
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
“Манчестер Сити” футболчилари Англия кубоги доирасида “Ньюкасл” майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган учрашувда Хосеп Гвардиола навбатдаги навбатдаги сариқ карточкани олди ва бунинг оқибатида икки ўйинга дисквалификация қилинди.
“Сент-Жеймс Парк”даги ўйин давомида Гвардиола захира ҳаками билан баҳсга киришди ва “Ньюкасл” ҳимоячиси Киран Триппьернинг “шаҳарликлар” вингери Жереми Докуга қилган қўпол ҳаракатига нисбатан кескин норозилик билдирди.
Натижада Гвардиола сариқ карточка олди. Бу унинг жорий мавсумдаги олтинчи огоҳлантириши бўлди ва у икки ўйинга четлатилди.
Бу дисквалификация Премьер-лига ва Англия кубоги ўйинларига тааллуқли, аммо еврокубоклар ва ички кубок финалларига тегишли эмас.
Шу сабабли Гвардиола 22 март куни “Арсенал”га қарши бўлиб ўтадиган Лига кубоги финалида жамоа захира ўриндиғида бўлади.
Бироқ келаси шанба куни “Вест Хэм”га қарши Премьер-лига ўйини ва 4–5 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Англия кубоги чорак финалида у жамоасини бевосита майдон четидан бошқара олмайди.
- Мен сизларга бир нарсани айтаман. Биз бу мамлакатда барча рекордларни ўрнатдик — ҳаммасини. Энди мураббийлар орасида энг кўп сариқ карточка олиш рекорди ҳам бизга тегишли. Мен барча рекордларни хоҳлайман ва энди бунга ҳам эришдим.
Энди икки ўйинга дисквалификация бўлади ва мен, эҳтимол, кейинги икки ўйинда дам олишга бораман. Бу ерда яна 10 йил ишласам ҳам, баъзи нарсаларни ҳали ҳам тушуна олмайман.
Такрорларни ўзингиз кўринг. Албатта, мен Доку ва барча футболчиларимни ҳимоя қиламан, - деди Гвардиола The Independent нашрига.