"Челси" мураббийи: "Жамоам ўйинидан жуда фахрланаман. Гвардиола эса тарихдаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири"
- 5-январ, 01:42
- Bilolbek Imomov
- 0
- Футбол
"Челси" бош мураббийи вазифасини бажарувчи Калум Макфарлейн "Манчестер Сити"га қарши дурангдан (1:1) сўнг жамоа ўйинини юқори баҳолади.
"Менимча, бу ажойиб ўйин бўлди, орзу қилиш мумкин бўлган барча жиҳатлар бор эди. Пеп Гвардиолага қарши ўйин, АПЛ — бунинг ўзиёқ ажойиб. Жамоам ўйинидан жуда фахрланаман. Ҳатто биз бу голни урмаганимизда ҳам, айниқса иккинчи бўлимда йигитлар қандай характер кўрсатганини ҳисобга олсак, барибир хурсанд бўлардим. Нима бўлишидан қатъи назар, мамнун эдим. Ҳисобни тенглаштирганимиз эса янада яхши бўлди — менимча, биз бунга лойиқ эдик.
Сўнгги икки кун давомида барча фикрларимиз айнан шу ўйинда ғалаба қозониш ҳақида эди. Ҳа, буни уддалай олмадик, аммо барчамиз бу ўйиндан жуда фахрланамиз. Биз бу ерга келиб ғалаба қозонишимизга ишонгандик".

Гвардиолага қарши ўйин ҳақида:
"У — тарихда энг муваффақиятли мураббийлардан бири ва бу ўйиннинг асосий мавзусидек туюлди. Аммо мен бундай бўлиши керак, деб ўйламайман. Асосий эътибор футболчиларга ва уларнинг қай даражада яхши ўйнаганига қаратилши керак. Гап мен ҳақимда эмас, айнан шу йигитларнинг барча вазиятларга қарамай кўрсатган яхши ўйини ҳақида бориши лозим", — деди Макфарлейн.
Англия Премьер-лигасининг 20-тури доирасидаги учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. "Челси" иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Энцо Фернандес урган гол эвазига ҳисобни тенглаштирди.