ФИФА кунлари доирасида Англия терма жамоаси Ирландия терма жамоасини қабул қилиб йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Ўйин инглизларнинг ҳужумлари билан бошланди. 18-дақиқада Харри Магуайр бурчакдан узатиб берилган пасни боши билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. Голдан руҳланган мезбонлар 30-дақиқада голлар сонини иккитага етказиб олишди. Жек Грилишдан тўпни қабул қилиб олган Жейдон Санчо дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.
Иккинчи тайм ҳам биринчи тайм каби инглизларнинг ташаббуси билан бошланди. Ўйиннинг 56-дақиқасида меҳмонлар Бакайо Сакани ўз жарима майдонида йиқитишди ва учрашув бош ҳаками ирландияликлар дарвозасига пенальти белгилади. Зарбани аниқ амалга оширган Доминик Кальверт-Льюин учинчи голга муаллифлик қилди. Қолган дақиқалар мобайнида инглизлар қатор имкониятларга эга бўлди, бироқ Даррен Рэндолф дарвозасига бошқа йўл топа олишмади.
{online}3472247{/online}