"Аббос Файзуллаев ўйнагани учун бизда яхши ўйинчилар кўплигини билишади" ёхуд ЦСКАда ишлаётган ўзбекистонлик мураббий
- 14-октябр 2025, 14:49
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Россиянинг ЦСКА клубида ўзбекистонлик мураббий ишлаётганидан хабарингиз борми?
Айни пайтда ушбу жамоанинг ўринбосарларида бизнинг ҳамюртимиз Денис Коростиченко фаолият олиб бормоқда. У ЦСКА ёшлар жамоаси мураббийлар штабида ишлаб келмоқда.
Яхши биласиз, бунгача у Суперлигамизда “Локомотив”, “Олимпик” каби жамоаларни бошқарган.
Sports.uz журналисти Коростиченко билан боғланди.
- Денис Владимирович, сизни ЦСКА клубида иш бошлашингиз қандай юз берди? Ким сабабчи бўлди?
- Мени яқин дўстим. Дмитрий Игорьевич Игдисамов! Биз у билан ёшлик пайтимизда “Сергели”да бирга ўйнардик. У 2001 йилда Россиянинг Қозон шаҳрига кўчиб кетди. Ўша ерда фаолият олиб борди ва “Рубин” академиясида иш бошлади. Яхши натижалар кўрсатди. Уни 6 йил олдин ЦСКАга чақиришди. Шу вақт мобайнида ушбу жамоада ҳам ижобий натижалар кўрсата олди, чемпионликка эришди ва 6-7 нафар футболчини чиқарди. Булар - Кисляк, Глебов, Бандикян, Редно, Абдулкадиров...Шунинг учун раҳбарият унга мени таклиф қилишига рухса берди ва шу тариқа, ЦСКА ёшлар жамоасида иш бошладим.
- ЦСКА ёшлар жамоасида ишлаш сиз учун янги тажриба. Энг аввало, сизга ёққан нарса нима бўлди?
- Ёққани - биринчи навбатда шароитлар. Ҳамма нарса бор. Нимадир айтсангиз дарҳол қилиб беришади. Майдон ва тренажёр заллари ажойиб. Тиббиёт бўйича ҳам барча нарсалари бор. Тикланиш, овқатланиш, витаминизация - барчаси муҳайё.
- ЦСКА клубидаги ишлаш тизими қандай? Масалан, ёшлар жамоаси олдига қандай мақсад қўйилган?
- ЦСКА Россияда катта клуб. Мақсад - ҳар доим чемпион бўлиш. Бу жамоанинг қонида бор. Раҳбарият олдимизга иқтидорли ўйинчиларни асосий таркибга етиштириб чиқаришни доим вазифа қилиб қўяди. Асосий таркибга 1-2 та футболчи чиқарилса бу албатта вазифа яхши бажарилганини билдиради.
- Асосий жамоа бош мураббийи сизлар билан ҳам гаплашиб турадими?
- Албатта, гаплашиб турамиз. Биз ФИФА кунлари бўлганда, чемпионатдаги танаффусдан фойдаланиб асосий жамоа билан иккита ўйин ўтказдик.
- ЦСКА билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз ва кейинги режаларингиз қандай?
- Бир йилга. Шартномам июнь ойигача. Агар ҳаммаси яхши бўлса, яна бир йилга узайтирамиз.
- ЦСКА ёшлар жамоасига бирор-бир ўзбекистонлик футболчиларни ҳам таклиф қилиш режангиз борми?
- ЦСКАда кўп селекционерлар бор. Ўзбекистондаги иқтидорларга ҳам қарашади. Аббос Файзуллаев ўйнагани учун бизда яхши ўйинчилар кўплигини билишади. Мендан сўрашса ҳам айтаман ва доим чақиришга ҳаракат қиламиз.
- Бу борада кимдир рўйхатингизда борми?
- Ҳозирча йўқ. Фақат кузатяпман. Чунки клубда 2008 йилда туғилган футболчилар асосий таркибга тортяпти. Демак, ундан ҳам пастроғига қараша керак - 2009, 2010...