Superliganing 11-turi oldidan: hamma g'alaba ilinjida, lekin...
- Бугун, 00:54
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Futbol
2 май куни Суперлиганинг 11-турига старт берилади. Табиийки, ҳамма жамоалар ғалаба илинжида. Лекин доим ҳам ўйлаган нарсалар амалга ошавермайди. Жиддий ва марказий тўқнашувлар кутаётган ушбу турдаги жуфтликларга алоҳида тўхталамиз.
2 май
19:00. “Динамо” – “Машъал”
10 та ўйинда 10 та мағлубиятга учраган “Машъал” бу турда Самарқандда “Динамо”га қарши майдонга тушади. Аксига олиб, Вадим Абрамов бошқарувидаги “Динамо”нинг ҳам натижалари яхши эмас. Яъни, ғалаба мезбонларга ҳам керак. “Машъал” эса мутлақо ютмаса бўлмайдиган ҳолатда. Лекин муборакликларнинг ўйин савияси ва даражаси ҳозирча Суперлигага мос тушмаяпти. Бу натижаларда яққол намоён. Агар “Динамо” ўз кучи ҳамда имкониятини кўрсата олса Анвар Ҳожимирзаевсиз ҳам рақибини енгга олади.
19:00. “Бухоро” – “Сўғдиёна”
Ўйин услублари бир-бириникига жуда ўхшаш бўлган мазкур клублар ўртасидаги баҳс ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳимоявий футбол, стандартлар асосий қуроллари бўлган “Бухоро” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги ўйинда балки голлар етарлича бўлмаслиги мумкин. Чунки жамоалар учун аввало ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаш устувор вазифага айланади. Бундай учрашувда яримта имкониятдан ҳам усталик билан фойдаланиш талаб қилинади.
3 май
17:00. ОКМК – “Нефтчи”
Қизиқарли ва ҳужумкор футбол бўлиши аниқ. Чемпионатни яхши бошлай олмаган ОКМК охирги турларга келиб ўз даражасига қайяпти ва бу натижаларда ҳам акс этмоқда. “Нефтчи” албатта фаворит сифатида келади. Очиқ ўйинга мойил бўлган клубларнинг тўқнашувини ўтказиб юбориб бўлмайди. Футбол безагига айланиши ҳам катта эҳтимол. Агар футболчилар мураббийларининг кўрсатмаларига амал қилишса ҳақиқий томошабоп ўйин гувоҳига айланамиз. ОКМКнинг собиқ етакчиси Хуршид Ғиёсов “Нефтчи” либосида ҳаракат қилади ва у ўзининг собиқ клубига қарши гол уриш иштиёқида “ёнармикин?”.
18:00. “Қўқон-1912” – “Бунёдкор”
10 та ўйиннинг бор йўғи 1 тасида ғалаба қозонган ва 5 та дуранг ўйнаган “Қўқон-1912”ни мураккаб баҳс кутяпти. Гарчи молиявий муаммоларга қарамасдан 3-ўринда бораётган “Бунёдкор” таҳсинга лойиқ. Аммо Андрей Шипилов бошқарувидаги қўқонликларнинг ўйини ҳам чакки эмас. Фақат уларга вазиятларни якунлашда аниқлик етишмаяпти. Мезбонларга табиийки, “Бунёдкор”га қарши бор имкониятини ишга солади. Лекин “Қалдирғочлар” эркин ва босимсиз ўйнаб керакли натижага эришиши ҳам ҳеч гап эмас.
19:15. “Сурхон” – “Пахтакор”
“Пахтакор” ўтган турда охирги сонияларда ғалабадан маҳрум бўлди ва “Нефтчи”ни ўзидан икки очкога ўтказиб юборди. Энди ўша йўқотилган очколарини “Сурхон” билан ўйинда тўлдириш пайида бўлади. Термизликлар ўтган турда сафарда “Сўғдиёна”га 5:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Албатта, “Пахтакор” бу учрашувда фаворит. Лекин “Сурхон” иқтидорли ёшлари билан жиддий қаршилик кўрсатиши табиий. Шунга қарамай, “Пахтакор” керак бўлса индивидуал маҳорат эвазига ҳам натижани ҳал қилиб кетиш имкониятига эга.
4 май
19:00. “Хоразм” – “Андижон”
Иккала жамоа 13 очко тўплади. “Андижон” мураббий алмашгач, охирги 3 та турда 7 очко жамғарди ва бу борада “Бургутлар”да ўсиш кузатиляпти. Жамоа ўйинида ҳам яхшигина ўзгаришлар кузатилмоқда. Урганчдаги ўйинга ҳам қизиқиш катта. Имкониятлар эса тенг. Албатта, ўз имкониятларидан унумли фойдалана олган жамоа натижага эришади.
19:00. “Локомотив” – “Қизилқум”
“Локомотив”нинг айрим етакчилари ўз вақтида “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилишган. Навоийликлар ўртача темпда ҳаракат қилмоқда. “Локомотив”да тажрибали ўйинчилар бор ва айниқса, Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳамон голлар уришда давом этяпти. Барқарор ўйнай олмаётган “Қизилқум” меҳмонда “Локомотив”га қарши ўйинда тўғри тактика қўллаши жуда муҳим. Акс ҳолда натижа улар учун салбий кўриниш олади.
20:00. “Насаф” – “Навбаҳор”
Турнинг марказий ўйини. Албатта, “Навбаҳор” ушбу учрашувга “Насаф”дан кўра бир мунча натижалари яхшироқ ҳолатда етиб келади. Гарчи “Насаф” 8-ўринда бўлса-да, ҳамон кучли жиҳатларига эга. Ўтган турда “Пахтакор”га қарши драматик тарзда ўтган баҳсда охирги сонияда мағлубиятдан қутулиб қолишди. “Навбаҳор”га қарши ўтадиган ўйинда Рўзиқул Бердиев жамоасини қандай руҳлантиришни билади. Тимур Кападзе жамоасига ҳам ғалаба зарур. Ўтган турда Тошкентда “Бунёдкор”га мағлубиятга учрагани ҳисобига бу сафар “Насаф”га қарши янада қийин ўтадиган беллашувда ижобий натижа кўрсатиши лозим. Бу уларнинг қўлидан келади ва ўз навбатида “Насаф”нинг ҳам қўлидан келади. Барчасини ўйин давомида кўрамиз.