
Виктор Жалилов: "Мақсадимиз жиддий, "Манчестер Сити", "Атлетико" каби клублар ҳам мавсум бошида очко йиғишда қийналишди, охирига келиб эса..."
Coca Cola Суперлига 8-тури доирасидаги "Навбаҳор" - "Сурхон" (2:0) учрашувидан кейин ўтказиладиган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "лочинлар" устози Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Биринчи навбатда, барча мухлисларни, шу ерга йиғилганларни Ҳайит байрами билан табрикламоқчиман. Бугун футболчилар наманганлик мухлисларга яхши совға ҳозирлашди. Биринчи бўлимда ўйинимиз қоувшмади. Чемпионатда атиги битта ўйинда ғалаба қозониб, Наманганда ютуққа эришолмаганимиз руҳий камчиликларни вужудга келтирганди. Бугун иккинчи бўлимда, ниҳоят, узоқ кутилган ўйинни намойиш этишди.
Ҳозир биз таркибни шакллантиряпмиз, лекин барибир, футболчиларнинг бир-бирларини тушуниб ўйнашлари учун вақт керак. Мавсум бошида айрим футболчилар кетишди, уларнинг ўрнига янги ўйинчилар келишди. Уларнинг мослашишлари маълум муддатни талаб этади. Мослашиш жараёни биз хоҳлагандек кечмаяпти. Асосийси, шогирдларим берилган кўрсатмаларга аста-секин мослашиб боришмоқда. Индивидуал ўйин бобида муаммо йўқ, жамоавий ўйинни ташкил этиш борасида эса ҳали қиладиган ишлар бор.
Ўйлашимча, таркибимизда маҳоратли футболчилар бор. Улар ёрдамида жиддий мақсадларни кўзлашимиз мумкин. Муҳими, таркиб ўзаги шаклланган. "Манчестер Сити" ва "Атлетико" каби клублар мавсум бошида очко йиғишда қийналишганди, охирига келиб вазиятни ўнглашга эришишди. Аста-секин ўйинимиз яхшиланиши ва ижобий натижаларга эришишимизга ишонаман.
Авиловнинг жароҳати бор, даволаняпти. У ўз шифокори билан даволанмоқчилигини билдирди. Шунинг учун таркибда кўриниш бермаяпти, - деди Жалилов.
"Навбаҳор" матбуот хизмати.
Фикрлар