Унинг фаолиятида янги саҳифа ёхуд ўзбекистонлик мутахассис қўшни чемпионатда бош мураббийга айланди

CHERY AUTO

Юртимизда футбол бўйича қўшни Қирғизистон премьер-лигасини кузатиб бораётганлар талайгина. Ҳар холда у ерда кўплаб ҳамюртларимиз фаолият олиб боришмоқда. Биздаги каби Қирғизистон премьер лигасида ҳам ФИФА кунлари сабабли танаффус юзага келди. Орада Кубок ўйинларини ўтказишади.

Қирғизистон чемпионатида ўзбек футболчиларидан ташқари мураббийларимиз ҳам меҳнат қилиб келишяпти. Ёдингизда бўлса, мавсум бошида ҳамюртимиз Ислом Аҳмедов янги ташкил этилган “Азиягол” жамоасига бош мураббий этиб тайинланганди. Аҳмедов бунгача “Абдиш Ата” клуби билан кетма-кет икки йил мамлакат чемпионлигига сазовор бўлган. Бироқ ҳозирча Ислом Аҳмедовнинг янги клубидаги натижалари яхши эмас. 11 та турдан кейин “Азиягол” 1 ғалаба, 2 дуранг ва 8 мағлубият билан 5 очко жамғариб, охирги – 14-ўринда.

Яқинда эса Қирғизистон премьер лигасида яна бир ўзбекистонлик мутахассис бош мураббий сифатида иш бошлади. Яъни, премьер лига қатнашчиси - “ОшМУ Алдиер” жамоасига яқинда ўзбекистонлик Лутфулло Мажидов бош мураббий этиб тайинланди.

Андижонлик 42 ёшли ушбу мутахассис мазкур ойда янги клубида иш бошлади. Бунгача Лутфулло Махаматович ёшлар мураббийи бўлиб ишлаган. Масалан, “Андижон” U21 жамоасини бошқарган, “Металлург”даги академияда ҳам фаолият олиб борди.

Айтиш мумкинки, Мажидовнинг фаолиятида янги саҳифа очилди ва у илк бор бош мураббий сифатида ишга киришди. Боз устига бошқа чемпионатда ушбу лавозимда фаолиятини бошлаган унинг учун олдинга ташланган қадам, албатта.

Лутфулло Мажидов “ОшМУ Алдиер” жамоаси бош мураббийи сифатидаги дебютини “Киргизалтин”га қарши ўтказиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги ўйинда эса сафарда Александр Крестинин бошчилигидаги “Барс” клубига 2:1 ҳисобида имконият бой берилди. Айни пайтда Мажидов бошқарувидаги “ОшМУ Алдиер” Қирғизистон премьер лигасида 11 турдан сўнг 4 ғалаба, 2 дуранг ва 5 мағлубият қайд этиб, 14 очко билан мусобақа жадвалида 6-поғонани эгаллаб турибди.

Лутфулло Мажидов жамоаси 12-турни ўз уйида 11 июнь куни “Илбирс”га қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!