Асосий мазмунга ўтиш

Ўзбекистон халқаро спорт туризми йўналишида янги ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” давлат муассасаси ва Ўзбекистон Крикет федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг халқаро туризм майдонидаги имкониятларини кенгайтириш, спорт мусобақаларини туристик йўналишлар билан уйғунлаштириш ҳамда мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.

Келишувга мувофиқ, мамлакатимизда ҳар йили “Uzbekistan International Cricket & Tourism Cup” халқаро крикет мусобақаси ва “Silk Road Cricket Festival” туристик фестивалини ўтказиш режалаштирилмоқда. Мазкур тадбирлар хорижий спортчилар, крикет мухлислари ва саёҳатчиларни Ўзбекистонга жалб этиш учун муҳим платформага айланиши кутилмоқда.

Крикет, айниқса, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Африка ҳамда Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Шри-Ланка ва Афғонистон каби давлатларда катта қизиқиш билан кузатилади. Шу боис ушбу мамлакатлар аудиториясига йўналтирилган спорт тадбирларини ташкил этиш Ўзбекистоннинг янги туристик бозорлардаги танилишини ошириш имконини беради.

Ташаббуснинг муҳим йўналишларидан бири — спорт ва маданий туризмни ўзаро боғлашдир. Хусусан, крикет мусобақалари доирасида хорижий меҳмонларга Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг тарихий обидалари, бой маданий мероси ҳамда миллий анъаналарини таништиришга қаратилган туристик дастурларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошириш жараёнида туроператорлар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, темир йўл хизматлари, ҳунармандлар ва кўнгилочар масканлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу эса халқаро мусобақалар иштирокчилари ва меҳмонларига транспорт, жойлаштириш, экскурсия ҳамда бошқа туристик хизматларни бирлаштирган таклифларни тақдим этиш имконини беради. Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда спорт туризми инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини кенг намоён этиш ва туризм соҳасида қўшимча иқтисодий имкониятларни шакллантириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан биридир.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ