
Муҳим учрашув, муҳим қадам...
Ўзбекистон футзали тараққиётида муҳим ўрин тутган ҳудудлардан бири - Андижон вилояти саналади. Мазкур ҳудудда футзал сўнгги йилларда қайта тикланиш арафасида турибди. Маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар ушбу спорт турини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда ушбу жозибали спорт тури энди тетапоя қадамларини ташлаётган даврларда "Турон-Солиқчи" жамоаси байроқдор клублардан бири бўлиб, Андижон футзали шарафини муносиб ҳимоя қилган. Илк мавсум мамлакат Кубогида зафар қучган жамоа, кейинчалик Ўзбекистон чемпионатларида беш марта шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди. Бир неча марта совриндорлар сафидан жой эгаллади.
Бироқ охирги йилларда вилоят футзалининг умумий савияси пасайиб кетгани кузатилди. Ана шундай шароитда, аниқроғи Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор вилоятда футзални ривожлантириш, тарихий анъаналарни тиклаш ва янги босқичга кўтариш масаласига қаратилди.
Футзал мухлисларига маълумки, 2024 йили Андижон шаҳри футзал бўйича жаҳон чемпионати баҳслари мезбонларидан бири бўлди. Сайёрамизнинг энг кучли 24 жамоаси иштирок этган Мундиалнинг C ҳамда Д гуруҳи баҳслари, шунингдек, чорак финалнинг иккита учрашуви айнан жаҳон чемпионати учун махсус қуриб фойдаланишга топширилган "Универсал" спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Бу эса бевосита вилоятда замонавий спорт инфратузилмаси яратилганини англатади. Қолаверса, бу вилоятда ҳам малакали мураббийлар, футзал мутахассислари, истеъдодли ўйинчилар бисёр. Фақатгина ишни яна масъулият билан йўлга қўйиш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш керак, холос.
Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Акмалович Маматқулов вилоятдаги мавжуд салоҳият ва ресурсларга юқори баҳо берди. У вилоят раҳбарияти, спорт бошқармалари ҳамда мураббийлар корпусидан футзалга бўлган эътиборни кучайтиришни, жамоаларни биринчи лигада иштирок эттириш орқали уларни олий лига ҳамда Ўзбекистон Кубоги каби нуфузли мусобақаларга тайёрлашни тавсия этди. Шуҳратбек Қўшоқбоевич раҳбарлигидаги вилоят ҳокимлиги томонидан яратилаётган шароитлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов ҳам футзални мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар учун Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, тез орада республика миқёсидаги мусобақаларда Андижон вакиллари муносиб иштирок этишини маълум қилди.
Андижонда футзал салоҳияти, замонавий инфратузилма, етук мутахассислар ҳамда ёш истеъдодларнинг мавжудлиги ана шундай қатъий ҳаракатлар орқали ўз самарасини беришга шубҳа йўқ.
Фикрлар