"Мен шунчаки яшашни яхши кўраман! Ҳаётдан завқ олиб, бахтли бўлишни истайман" - Диогу Жота

CHERY AUTO

Яқин 2 ой ичида АПЛ чемпионлиги, фаолиятидаги иккинчи Миллатлар лигаси кубоги ҳамда 3 фарзандининг онаси билан никоҳ кечасини нишонлаган, қай тарзда ўйин кўрсатишидан қатъий назар нафақат ўз жамоаси, балки бутун дунё футбол мухлисларининг кўнглидан ўрин олган ажойиб ҳужумчи Диогу Жота йўл транспорт ҳодисаси туфайли ёруғ дунёни тарк этди.

Tecno

Ҳужумчи "Ливерпуль" мухлисларининг энг севимли футболчиларидан бири эди. Жота сўнгги йилларда уни қийнаган барча жароҳатларга қарамай, доим табассум билан, ижобий кайфиятда юрар ва ҳеч қачон таслим бўлмас эди.

Image

Ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишга интилган чаққон ҳужумчи, шу туфайли жамоасининг энг муҳим голларини урган. Ҳатто якунига етган ўтган мавсумда ҳам.

Арне Слот даврининг илк голи - АПЛ биринчи турида "Ипсвич"га қарши бўлди. Албатта, уни Жота урди.

Январь ойида "Ноттингем Форест"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушгач, биринчи тегинишда гол уриб, "Ливерпуль"га ҳисобни тенглаштиришига ёрдам берди. Бу ерда исмни айтишнинг ҳожати йўқ - муаллиф ким эканлиги дарҳол тушунарли.

"Ливерпуль" чемпионлик мавсумида уч марта 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган - улардан иккитасини айнан Диогу гол урган. Апрель ойида "Эвертон"га урилган гол - Жотанинг барча фазилатлари мужассам бўлган ҳаракат: тўпни тортиб олди, жарима майдончаси ичида икки кишини алдаб ўтди-да, гол урди.

Image

Ва бу "Ливерпуль" бир соат давомида "Эвертон" ҳимоячиларининг "автобус"ини ёриб ўтолмаганидан кейин содир бўлди. Чемпионлик йўлидаги энг муҳим гол. Афсуски, энди бу гол Жота учун абадий сўнггиси бўлиб қолади.

Диогу энг зич ҳимояда ҳам дарвозага йўл топа олар ва имкониятларни бой бермасди. Ҳатто Жота муваффақиятсизликка учраганида ҳам, мухлислар унинг қайтишини кутишарди - сабаби у қийин вазиятларда 3-5 та голни барқарор тарзда урарди. Бу баъзида ҳужумдаги бошқа ўйинчиларга етишмайдиган фазилат. Шунинг учун ҳам уни кутишарди. Бир пайтлар бўйи 178 сантиметр бўлган ҳужумчи боши билан урилган тўплар бўйича Европа лигалари етакчилари қаторида эди. У бу жиҳатда Криштиану ва Кейндан ҳам ўзиб кетганди.

Жотани икки сўз билан таърифлаш мумкин: бу меҳнатсеварлик ва мослашувчанликдир. Клопп даврида бошланғич таркибда Роберто Фирминони сиқиб чиқарадиганлар кам эди - унинг роли жуда ноёб эди. Диогу келиб, буни уддалади, ўзи учун ҳам, Салоҳ билан Мане учун ҳам тер тўкди. У марказдан ҳам, чапдан ҳам, ҳатто бир-икки марта ўнгдан ҳам жой олди.

Жотанинг ҳаётга ва футболга бўлган муҳаббати кучли эди. У майдондан ташқарида ҳам доимо ўйин ҳақида ўйларди. Бўш вақтларида ФИФА ўйнарди - бу борада унга тенг келадиган футболчи йўқ эди. Ҳатто ўйинда ҳам у тактикани пухта ўйлаб, профессионал киберспортчи мақомига эришди. Табиийки, у ҳақиқий голларни кўпинча қўлида хаёлий геймпад билан нишонларди.

Image

Сўнгги ойларда Жота ниҳоят АПЛ чемпиони бўлди ва буни жамоадошлари билан байрам қилди. Терма жамоа билан Миллатлар лигасини иккинчи бор қўлга киритди. Дам олиш таътилига чиқиб, уч фарзандининг онаси билан никоҳдан ўтди - улар мактабданоқ бирга эдилар.

Ҳаёт энди бошланаётгандек туюларди - бир дона ёрилиб кетган шина буларнинг барчасига чек қўйиши мумкинлиги даҳшатли. Бир неча йил олдин Жота "The Athletic" нашрида футболга бўлган қарашларини батафсил баён этганди. Суҳбат умуман ўйин ҳақида бўлмаган ҳаётбахш жумла билан якунланган эди.

- Мен шунчаки яшашни яхши кўраман! Ҳаётдан завқ олиб, бахтли бўлишни истайман.

Жаҳонгир Иномжонов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!