
"Ливерпуль" Диогу Жота хотирасини қандай абадийлаштиради?
3 июль куни Испанияда содир бўлган йўл-транспорт ҳалокатида "Ливерпуль" ҳужумчиси Диогу Жота ҳамда унинг акаси — Португалиянинг "Пенафиэл" клуби аъзоси Андре Тейшейра да Силва ҳалок бўлди.
Клуб ушбу фожиадан сўнг футболчи хотирасини абадийлаштириш учун қатор чора-тадбирларни амалга ошираётганини маълум қилди:
Мухлислар томонидан "Энфилд" атрофида қолдирилган барча ёдгор буюмлар ҳафта мобайнида йиғилиб, улар эҳтиёткорлик билан ажратилади ва сақланади.
Қўйилган гуллар қайта ишланиб, клуб объектларида компост сифатида фойдаланилади.
Қолган буюмлар махсус компания томонидан қайта ишлаб чиқилиб, доимий равишда сақланадиган хотира ҳайкали яратилади. Бу ҳайкал келгусида "Энфилд"да Жота хотирасининг марказий нуқтасига айланади.
Шу билан бирга, стадион ҳудудида мухлислар Жота хотирасини ёдга олишлари учун вақтинчалик майдон ташкил қилинди.
"Ливерпуль" жамоаси бутун мавсум давомида формаларда "Forever 20" — яъни "Абадий 20" ёзувли махсус логотип билан ўйнайди. Бу унинг рақами ва ёдгорлик рамзи сифатида танланган.
Клубнинг хайрия фонди Жота шарафига оммавий футбол дастурини ишга туширади.
Фикрлар