Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритган 6 ака-ука
- 26 август, 2020, 18:03
- 0
- Футбол
УЕФА Чемпионлар Лигасида “Бавария” ғолиб бўлганидан кейин яна бир натижа барчанинг эътиборини тортди. Турли даврларда 5 нафар ака-укалар бу турнирда зафар қучган эди. Энди улар сони 6 тага етди. Қуйида улар тўғрисида фикр юритамиз:
Тео ва Люка Эрнандес
Кичик Эрнандес Тео 2018 йил “Реал” сафида бу совринни қўлга киритган. Эътиборлиси, ўша мавсум у “қаймоқранглилар” сафида ЧЛ доирасида атиги 3 та ўйинда майдонга тушган. Баъзида шунинг ўзи ҳам кифоя қилади. Люка эса бу мавсум мюнхенликлар таркибида зафар қучди. “Бавария” тарихидаги энг қиммат трансфер сифатида қайд этилган франциялик фулбек мавсум бошида оғир жароҳат олди ва шерикларига деярли ёрдам бера олмади. Энг қизиқарлиси, у ҳам худди укаси каби Чемпионлар Лигасида жамоаси либосида 3 тагина ўйин ўтказган. Ака-ука бу борада жуда омадли эканликлари ойдинлашмоқда.

Рафинья ва Тьяго Алкантара
Рафинья Алкантара 2015 йил “Барселона” билан требл қайд этган. Жамоа таркиби юлдузлар билан тўлиб-тошган мавсумда Рафиньяга бироз камроқ имконият берилар эди. Аммо у ҳаракат қилган ўйинларида яхши таассуротлар қолдирган. Акаси Тьяго 2 клуб билан Чемпионлар Лигасини ютган кам сонли фуболчилардан. Ундан аввал Роналду, Это’O, Ван дер Сар, Зеедорф, Пике, Кросс, Дешам, Хаби Алонсо, Десайи каби футболчилар бундай натижа қайд этишган. 2020 йилги натижаси орқали қаҳрамонимиз ҳам улар сафидан жой олди. У 2011 йил “кўк-анорранглилар” сафида ўйнаган вақтида “шалпангқулоқ”қа эга чиққан. Гвардиоланинг енгилмас таркибида камтаргина захира ўйинчиси бўлган Тьяго ўша мавсум “кўк-анорранглилар” либосида фақат битта ўйин ўтказган. Аммо 2020 йил мюнхенликлар таркибида эришилган ғалабада унинг ҳиссаси аввалгисидан анча катта. У Флик жамоасининг асосий устунларидан бири.

Габриэль ва Диего Милито

Габриэль ва Диего Милито
Кетма-кет 3 бор чемпион бўлган бу ака-укаларнинг кичиги Габриэль 2009 йил “Барселона” таркибида бу совринга эга чиққан. Эътиборлиси, у ўша мавсумни тиззасидан олган ўта оғир жароҳати билан бутунлай ўтказиб юборган ва якунда требл эгасига айланган. Даҳшатли “Барса” таркибидаги юлдузлар Габриэль хизматларига зарурият қолдирмаган. Катта жамоада ўйнашнинг афзаллигини қаҳрамонимиз 2011 йилда ҳам ҳис қилган. Ўшанда аргентиналик фулбек ўзининг иккинчи треблини нишонлаган эди. Икки мавсумда умумий 2 ўйин ва шунча требл. Зўр-а?! Катта Милито эса 2010 йилда “Интер” билан бу совринни боши узра баланд кўтарган. Укасидан фарқли ўлароқ, Диего Милито Маурнинг ишонган шогирдларидан эди. Финал остонасида укаси ҳаракат қиладиган жамоага 1 та, финалда эса “Бавария” постига 2 та тўп киритган Милито “неррадзурилар”нинг қотил ҳужумчиси эди.

Микаэль ва Бриан Лаудруп

Микаэль ва Бриан Лаудруп
Лаудруп фамилияси кўпроқ Микаэль томонидан машҳур қилинган. У Йохан Кройфнинг афсонавий “Барса”сида 1992 йил Европада тенгсиз бўлган. Ярим ҳимояда ҳаракат қилган қаҳрамонимиз турнир давомида 11 ўйинда майдонга тушган ва 3 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилган. Христо Стоичков, Рональд Куман, Пеп Гвардиола каби футболчилар орасида ўз ўрнига эга бўлган Микаэль Чемпионлар Лигаси ғолиблигига ҳам катта ҳисса қўшган. Укаси Бриан эса 1994 йилги мавсумда “Милан” таркибида “шалпангқулоқ”ни боши узра баланд кўтарган. Қизиғи, “россонерилар” ўша йили уни 1 мавсумга ижарага олган эди. Еврокубокдаги 7 ўйин ва 1 гол билан Бриан клубига оз бўлса-да ёрдам бера олганини эътироф этиш жоиз.

Франк ва Рональд де Бур
Бу ака-укалар рўйхатимиздаги ягона эгизаклар ҳисобланади. Ва улар бир жамоа – “Аякс” таркибида 1995 йил Европа тахтига чиққан. Иккиси ҳам Ван Гал жамоасининг асосий таркиб футболчиларидан бўлган. Бири орқа чизиқда, бошқаси ҳужум марказида тартибга жавоб берган. Гуруҳ босқичидаёқ икки фаворит бир тўртликдан жой олганда, кўпчилик ҳали финалда уларнинг йўли кесишади, деб ўйламаган бўлса керак. Ҳал қилувчи ўйинда ҳам бирга ҳаракат қилган эгизакларнинг “Милан” устидан қозонилган ғалабада ҳиссалари катта.

Гарри ва Фил Невилл
Де Бурлар каби Невиллар ҳам бир жамоа таркибида Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган. Сэр Алекс Фергюсон бошчилигидаги МЮ сафида Гарри Невилл “Бавария” таслим этилган оқшомда асосий таркибда майдонга тушган. Укаси эса бу ўйинни захира ўриндиғидан кузатган бўлса-да, кичик Невилл финалгача жамоаси сафида 6 та ўйинда майдонга тушган ва 1 бор рақиб дарвозасига йўл топа олган.

УЕФА Чемпионлар Лигаси бу мавсуми катта қизиқишлар билан томоша қилинди. Кейинги мавсумлардаги мана шундай ўйинларга қадар биз сизни қизиқарли фактлар, маълумотлар билан хурсанд этишга ҳаракат қиламиз.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар