Аълохон Абдуллаевнинг навбатдаги жанг санаси ва рақиби маълум бўлди. У Жанубий Америкада жанг қилади!
Вакилимиз жиддий рақибга қарши баҳс юритади.
Истеъдодли боксчимиз, ёшлар ва катталар ўртасида жаҳон чемпионати совриндори Аълохон Абдуллаевнинг навбатдаги жанг санаси ва рақиби маълум бўлди. Хабарингиз бор, юртдошимиз IBA чемпионлар оқшомида 2 маротаба жанг қилиб, ажойиб ғалабаларни қўлга киритган эди. Ушбу турнир доирасидаги 3-жангини вакилимиз Жанубий Америкада ўтказадиган бўлди. Яъни, 21 ноябрь куни боксчимиз Эквадорнинг Кито шаҳрида рингга кўтариладиган бўлди. У мезбонлар вакили, тажрибали Абел Минага қарши баҳс юритади. Мина ўзбекистонлик ашаддий бокс ихлосмандларига нотаниш эмас. У ҳаваскор йўналишда яна бир юртдошимиз Шаҳрам Ғиёсов билан тўқнаш келган ва унда ҳамюртимиз ғалаба қозонган эди.
Мина профессионал боксда 21 та жанг ўтказган ва уларнинг 17 тасида ғалаба қозонган. 3 мағлубият ва бир дуранг қайд этган. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур қарама-қаршилик ғолиби навбатдаги жангида IBAнинг чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Жанг -75 кг вазн тоифасида бўлиб ўтади.
Албатта, ушбу муҳим жангда ҳамюртимизга омад тилаб қоламиз!

Изоҳлар (0)